Ўзбекистон парламенти делегацияси Буюк Британия парламенти спикери билан учрашув ўтказди

Октябрь 10, 2026. 17:30 • 2 дақ

• 105
Ўзбекистон парламенти делегацияси Буюк Британия парламенти спикери билан учрашув ўтказди

ЛОНДОН, 10 октябрь. /“Дунё” АА/. Танзаниянинг Аруша шаҳрида бўлиб ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 153-Ассамблеяси доирасида Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Сенат раиси Танзила Нарбаева Буюк Британия парламенти Жамоатлар палатаси спикери Линдси Хойл билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокараларда Ўзбекистон–Буюк Британия муносабатларини ривожлантириш, шунингдек, парламентлараро алоқаларни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Линдси Хойл Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб ташкил этилган тадбирда бош меҳмон сифатида иштирок этганидан мамнунлигини билдирди. У тадбир юқори савияда ташкил этилганини эътироф этиб, бундай ташаббуслар икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Мулоқот давомида парламентлараро ҳамкорликни изчил ривожлантиришга, парламентларнинг тегишли қўмиталари ва дўстлик гуруҳлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ёшлари орасида инглиз тилини ўрганиш ва Буюк Британияда таҳсил олишга қизиқиш ортиб бораётгани қайд этилди. Шу боисдан билан Британия университетлари ва етакчи таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтириш, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик соҳаларидаги муносабатларни янада кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш