Logo

Ўзбекистон денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар парламентлари ўртасида тизимли мулоқотни йўлга қўйишни таклиф этди

Август 05, 2025. 10:16 • 2 дақ

73
Ўзбекистон денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар парламентлари ўртасида тизимли мулоқотни йўлга қўйишни таклиф этди

ТОШКЕНТ, 5 август. /"Дунё" AA/. Туркманистоннинг "Аваза" сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган "Йўналишни белгилаб: денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар учун Аваза ҳаракатлар дастурини амалга оширишга кўмаклашиш" мавзусидаги Парламент форумида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Парламент юқори палатаси матбуот хизматининг маълумотига кўра, тадбир давомида Сенат раиси нутқ сўзлаб, Ўзбекистон томонидан денгизга чиқиш имконияти йўқлиги туфайли юзага келаётган иқтисодий ва логистика чекловлари, шу жумладан, ташқи савдонинг мураккаблашуви, транспорт инфратузилмасининг ривожланишидаги муаммоларни алоҳида таъкидлади.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон дунёда океанга чиқиш учун камида икки давлат ҳудудидан ўтиши зарур бўлган икки мамлакатдан биридир.

Форум иштирокчилари эътиборига Ўзбекистоннинг минтақавий боғлиқлик ва интеграцияни кучайтиришга қаратилган ташаббуслари, жумладан, Темирйўл ва автомобиль транспорти соҳасида Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Хитой каби мамлакатлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар тақдим этилди.

Айниқса, Трансафғон йўлаги — Термиз–Мозори-Шариф–Қобул–Пешовар темирйўл магистрали истиқболдаги энг муҳим лойиҳалардан бири сифатида қайд этилди. Ушбу йўлак Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида савдо ва логистика алоқаларини кескин ривожлантириш имконини беради.

Форум давомида Ўзбекистон делегацияси томонидан бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Хусусан, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар парламентлари ўртасида тизимли мулоқотни йўлга қўйиш, "яшил" логистика ва замонавий инфратузилмани ривожлантириш, савдо ва транзит жараёнларини соддалаштириш ҳамда рақамли ечимларни жорий этиш бўйича парламентлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш таклиф этилди.

Бундан ташқари, илмий ва технологик ҳамкорлик, инновацион ечимлар алмашинуви ва илмий форумлар ташкил этиш зарурати ҳам таъкидланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш