Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси ўз миссиясини якунлади
Март 23, 2024. 12:37 • 2 дақ
• 3435
АР-РИЁЗ, 23 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов бугун Саудия Арабистонидаги дипломатик миссиясини якунлаб, Ватанга қайтмоқда, деб хабар беради "Дунё" АА мухбири.

Улуғбек Мақсудов элчи лавозимда 2018 йилнинг май ойидан бери ишлаб келаётган эди.
Қироллик расмийлари билан ўтган хайрлашув учрашувларида таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон-Саудия Арабистони муносабатлари сезиларли даражада фаоллашди.
2022 йил 17-18 август кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига тарихий давлат ташрифи бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари 2023 йил 19 июль куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан қиролликда бўлди.
Ушбу ташрифлар туфайли қисқа вақт ичида икки томонлама муносабатлар ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишларида жадал ривожланди.
Бунга Савдо, иқтисод, инвестициялар, фан, техника, маданият, спорт ва ёшлар ишлари бўйича Ўзбекистон-Саудия Арабистони ҳукуматлараро комиссиясининг учта йиғилиши ҳамда икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг учта давраси ўтказилгани ҳам ҳисса қўшди.
Айни пайтда Тошкент шаҳрида Ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви, 2025 йилда эса "Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" стратегик мулоқоти бўйича давлат раҳбарлари саммитига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Томонлар савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратдилар. Икки мамлакатда Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари иштирокида навбатма-навбат 8 та бизнес-форум ўтказилди. Ўзбекистон – Саудия Арабистони ишбилармонлар кенгашининг 3 та йиғилиши – Бухоро, Тошкент ва Ар-Риёзда муваффақиятли ўтказилди.
Ҳозирги вақтда Саудия Арабистонининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган жами инвестицияси 30 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади. 2-3 май кунлари бўлиб ўтадиган 3-Тошкент халқаро инвестиция форумида Саудия Арабистони бизнесининг фаол иштироки кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Улуғбек Мақсудов бош қароргоҳи Жидда шаҳрида жойлашган Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги Ўзбекистоннинг доимий вакили ҳам бўлган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари АҚШ делегацияси билан учрашди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Қирғизистон Президенти томонидан қабул қилинди
Кобулда биринчи Ўзбекистон-Афғонистон сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди