Давлатимиз раҳбари аэропорт ва темир йўлни боғлайдиган Ўзбекистондаги биринчи лойиҳа билан танишди

Август 17, 2026. 16:50 • 3 дақ

132
Давлатимиз раҳбари аэропорт ва темир йўлни боғлайдиган Ўзбекистондаги биринчи лойиҳа билан танишди

ТОШКЕНТ, 17 август. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Урганч халқаро аэропорти ва Хива темир йўл бекатини боғлайдиган янги темир йўл линияси билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, турли транспорт турларини ўзаро боғлаш, аҳоли ҳамда сайёҳлар учун қулай қатнов тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хоразм вилоятида амалга оширилган мазкур лойиҳа ҳам шу мақсадларга хизмат қилади.

Қиймати 225 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида Урганч халқаро аэропорти ва темир йўл вокзалини боғловчи 11 километрлик янги темир йўл линияси қурилди. Унда бир бекат, кўприк, автомобиль йўллари билан кесишмалар ва 25 та сув ўтказиш иншооти барпо этилди.

Янги йўналиш орқали йилига қарийб 650 минг нафар маҳаллий ва хорижлик сайёҳни ташиш имконияти яратилди. Хива ва Урганч ўртасидаги қатнов вақти икки баробар қисқариб, 80 дақиқадан 40 дақиқага тушади. 30 га яқин янги иш ўрни ташкил этилди.

Эътиборлиси, аэропорт ва темир йўлни бевосита боғлайдиган бундай лойиҳа мамлакатимизда биринчи марта амалга оширилди. Урганч халқаро аэропорти – Хива йўналишида Хитойда ишлаб чиқарилган CR200J электропоезди қатнови йўлга қўйилмоқда.

Олти вагондан иборат мазкур электропоезд бир вақтнинг ўзида қарийб 400 нафар йўловчини ташиш имкониятига эга. У соатига 160 километргача тезликда ҳаракатланади. Вагонларда VIP, бизнес ва эконом-класс ўринлари, бепул Wi-Fi, электрон қурилмаларни қувватлаш имконияти, замонавий кондиционер ва иситиш тизимлари мавжуд. Ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам зарур шароитлар яратилган.

Шунингдек ўқинг

Давлатимиз раҳбари янги электропоездда Хива шаҳрига келди.

Хивада Президентимиз Урганч халқаро аэропорти ва Хива темир йўл вокзалини боғлайдиган йўналишда қатновга қўйиладиган янги троллейбусларни ҳам кўздан кечирди.

Жорий йил июль ойида Хитойдан олиб келинган 10 та троллейбус замонавий автоном ҳаракатланиш тизими билан жиҳозланган бўлиб, электр тармоғига уланмаган ҳолда ҳам 100 километргача йўл босиши мумкин.

Ҳар бир троллейбус 87 нафар йўловчига мўлжалланган. Уларда ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва болали йўловчилар учун қулайликлар, USB ва Type-C портлари, ички ва ташқи кузатув камералари ўрнатилган. Шунингдек, ҳайдовчи ҳолатини кузатиш, ҳаракат йўлагидан чиқиб кетишдан огоҳлантириш ва автоматик ёнғин ўчириш каби хавфсизлик тизимлари мавжуд.

Ушбу замонавий транспорт воситаларини олиб келиш ташаббуси Президентимизнинг ўтган йилги Хоразм вилоятига ташрифи давомида илгари сурилган эди.

Давлатимиз раҳбари транспорт турларини ўзаро уйғунлаштириш аҳоли ва сайёҳлар учун қулайлик яратиш, йўлга кетадиган вақтни қисқартириш ҳамда ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Мутасаддиларга йўловчилар учун хавфсиз ва сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш