Ўзбекистонда “Одил судлов – 2030” стратегияси тасдиқланди

Август 17, 2026. 16:30 • 2 дақ

26
Ўзбекистонда “Одил судлов – 2030” стратегияси тасдиқланди

ТОШКЕНТ, 17 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражасини оширишга қаратилган фармонни имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ҳужжат билан Янги Ўзбекистонда халқчил ва адолатли суд тизимини шакллантиришга қаратилган стратегия тасдиқланди. Уни амалга ошириш “халқчил суд”, “адолат қўрғони”, “кафолатланган адолат”, “адолат посбонлари”, “рақамли одил судлов” ва “халқаро эътироф” каби олтита устувор йўналиш асосида таъминланади.

Ислоҳотларнинг муҳим жиҳатларидан бири одил судловдан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтириш бўлиб, унда 2027 йил 1 июлдан айрим суд қарорларини қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган ҳудудлараро судлар ташкил этилади.

Шунингдек, 2027–2030 йилларда аҳоли сони, судлар иш юкламаси ва олис ҳудудларда яшовчи фуқаролар учун одил судловнинг очиқлигини инобатга олган ҳолда фуқаролик ишлари бўйича туман ва шаҳар судларини босқичма-босқич ташкил этиш режалаштирилган.

Шу жумладан, жиноят ишлари бўйича суд назоратини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2027 йил 1 июлдан тергов судьяларига ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, шунингдек, шахсга нисбатан гумон ёки айблов қўйиш учун асослар етарлилигини текшириш бўйича қўшимча ваколатлар берилади. Суд амалиётида бир хил ёндашувни таъминлаш мақсадида Олий суд Президиумининг ягона амалиётни шакллантирувчи қарорларини очиқ эълон қилиш амалиёти ҳам жорий этилади.

Бундан ташқари, суд тизимини рақамлаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг судларга мурожаат қилишида қўшимча имконият ҳамда қулайликлар яратиш  мақсадида 2027 йил якунига қадар “my.sud.uz” портали такомиллаштирилиб, унинг янги мобил иловаси ишга туширилади. Процессуал ҳужжатларни тайёрлаш осонлаштирилади ва суд ҳужжатларини излаш имкониятлари кенгайтирилади.

2028 йилдан бошлаб суд маъмурчилигида “иқтисодий ишларни проактив бошқариш” стандартини жорий этиш кўзда тутилган. Бу ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш, иқтисодий низоларни тезкор ва адолатли ҳал этиш ҳамда суд ишларини кўриш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш