Эрон ва Ўмон АҚШ билан тинчлик келишуви муддати тугаши фонида Ҳўрмуз бўғози бўйича музокараларни давом эттирмоқда
Август 17, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 80
ТЕҲРОН-МАСКАТ, 17 август. /“Дунё” АА/. Эрон ва Ўмон кемаларнинг Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтиши юзасидан музокараларни давом эттирмоқда, бироқ якуний келишувга ҳали эришилгани йўқ, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “CNN” телеканалига таяниб.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Боғоий музокаралар жиддий тусда давом этаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, томонлар транзит йўналиши харитасини келишиб олган, аммо қўшма баёнот ва битимнинг якуний матни ҳали тайёр эмас.
Унинг қайд этишича, мазкур жараёнга бир қанча ташқи иштирокчилар, жумладан, минтақада низо ва тартибсизлик сақланиб қолишидан манфаатдор бўлган ғаразли кучлар таъсир ўтказишга уринмоқда. Бўғоз орқали кемалар қатнови урушгача бўлган даражадан пастлигича қолмоқда.
Музокаралар фонида Эрон ички бозор устидан назоратни кучайтирмоқда. Мамлакатнинг биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ориф нархларни ошириш, тарозидан уриш ва товарларни ғамлаб қўйиш ҳолатларига қарши чоралар кўришни топширди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Молия вазири Скотт Бессент Эронга қарши “мисли кўрилмаган иқтисодий чоралар” тайёрланаётганини маълум қилганди. Дональд Трамп ҳам Теҳронга иқтисодий босимни кучайтириш ниятида эканини билдирган.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Қолибоф, ўз навбатида, АҚШ ва Исроил кўзлаган мақсадларига эриша олмаганини таъкидлади. “Биз бу урушда ҳақиқатан ҳам ғалаба қозондик”, – деди у Эрон оммавий ахборот воситаларига.
Бугун АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик музокаралари бўйича дастлабки келишувнинг июнь ойида белгиланган 60 кунлик муддати тугади, бироқ урушни якунлашнинг аниқ режаси ҳозирча эълон қилинмади.
“AFP” агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси