Ўзбекистон Президенти рамзий тугмани босиб, Хоразм вилоятида янги лойиҳаларни ишга туширди ва қурилиш ишларига старт берди
Август 17, 2026. 20:10 • 4 дақ
• 104
ТОШКЕНТ, 17 август. /“Дунё” АА/. Сўнгги йилларда Хоразм вилоятини комплекс ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш, тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, сўнгги тўққиз йилда юқори даромадли иш ўринлари яратиш учун вилоятга 7,5 миллиард доллар инвестиция киритилди, 9,7 мингта янги қувват ишга туширилди. Кичик ва ўрта бизнес лойиҳалари учун 33 триллион сўмдан зиёд кредитлар ажратилди.
Натижада аҳолининг реал даромадлари 2 карра ошди. Саноат ва қурилишда банд бўлганлар улуши 18 фоизга, хизматлар соҳасида 55 фоизга етди. Камбағаллик даражаси 4,4 фоизга тушди, ишсизлик 2 карра қисқариб, 4,5 фоизни ташкил этмоқда. 72 та маҳалла “ишсизлик ва камбағалликдан ҳоли” ҳудудга айланди.
Вилоятнинг транспорт ва туризм инфратузилмаси ҳам изчил янгиланмоқда. Охирги тўққиз йилда 280 та меҳмонхона ва меҳмон уйи қурилиб, меҳмонхона фонди 4 баробар ошди, 11 та янги туризм маскани ишга туширилди. Сўнгги беш йилда хорижий сайёҳлар сони 10 карра кўпайди.
Хива шаҳридаги “Farovon Khiva Hotel” меҳмонхонасида Президентимиз иштирокида Хоразм вилоятидаги янги лойиҳаларни ишга тушириш ва истиқболли ташаббуслар қурилишига старт бериш маросими бўлиб ўтди.
– Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларимизнинг илк кунларидан янги иш ўринларини яратиш ва замонавий қувватларни ишга туширишни асосий йўналиш сифатида белгилаб олганмиз. Шу мақсадда Хоразм вилояти бўйича ҳам алоҳида дастур ва қарорларни тасдиқлаб, маблағини ҳам, масъулларини ҳам аниқ белгилаб, ишларни ташкил қиляпмиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Агар 2016 йилда Хоразм вилоятига бор-йўғи 30 миллион доллар хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 2 миллиард доллардан ошмоқда.
Йил бошидан Урганч ва Хива шаҳарлари, Тупроққалъа ва Урганч туманларида кимё, машинасозлик, қурилиш материаллари ва туризм йўналишларида янги лойиҳалар учун зарур шароитлар яратилди. Саноат учун 195 гектар ер майдонининг тоифасини ўзгартириш, электр ва йўл инфратузилмасини яхшилаш учун 100 миллиард сўм маблағ ажратиш масалалари ҳал этилди.
Шунингдек, Мустақиллик байрами арафасида Урганч халқаро аэропортидан Хивагача электрлашган темир йўл линияси фойдаланишга топширилди. Урганч–Хива пулли автомобиль йўли ҳам ишга туширилмоқда. Бу мамлакатимиздаги биринчи пулли автомобиль йўли бўлади. У орқали Урганчдан Хивага етиб бориш вақти 45 дақиқадан 20 дақиқага қисқаради.
– Бу ишларимизнинг давоми сифатида бугун сизлар билан 176 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга туширамиз. Шунингдек, хорижий ҳамкорлар иштирокида барпо этиладиган 7 миллиард 424 миллион долларлик 15 та янги қувват қурилишига старт берамиз, – деди Президент.
Жумладан, Тупроққалъа туманида Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан умумий қиймати 6 миллиард долларлик экологик авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳага Хитойнинг “Sinopec” компанияси жалб этилган бўлиб, ер майдонини тайёрлаш ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари бошланган.
Словакиялик ҳамкорлар билан 5 минг гектар қумли ерни ўзлаштириш ва 170 миллион долларлик биоэтанол ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш режалаштирилган. Ҳозирнинг ўзида 1,5 минг гектар майдонда амалий ишлар бошланган.
Урганч шаҳрида япониялик ҳамкорлар билан 30 миллион долларлик 250 ўринли меҳмонхона ва савдо-кўнгилочар мажмуаси барпо этилмоқда. Уни 2027 йилда тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.
Саудиялик ҳамкор билан вилоят марказида замонавий қозонхона қурилиб, 183 та кўп қаватли уй ва 37 та ижтимоий объектни иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш қувватлари яратилади. Туркиялик ҳамкорлар билан давлат-хусусий шериклик асосида офтальмология клиникаси ташкил этилади.
Урганч туманида кореялик инвесторлар иштирокида республикада илк бор чиқиндиларни ёпиқ цикл асосида қайта ишлаб, 71 мегаватт “яшил” энергия ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Унга 100 миллион доллар инвестиция киритилади.
Шунингдек, Хива шаҳрига туташ 26 гектар майдонда 120 миллион долларлик “Саҳро юлдузи” замонавий туристик мажмуаси, Урганч туманида 26 миллион долларлик мис саноати кластери ва 60 миллион долларлик оптик толали кабеллар ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилади.
Ал-Хоразмий шаҳарчасида 5 минг талабага мўлжалланган замонавий университет, меҳмонхона, дам олиш ва савдо мажмуалари, Урганч шаҳрида эса “Инвесторлар уйи” биноси қурилади.
Умуман, ушбу лойиҳалар натижасида 6,6 мингта янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этаётган хорижий ҳамкорлар ва жамоатчилик вакилларига миннатдорлик билдирди.
Президент рамзий тугмани босиб, янги лойиҳаларни ишга туширди ва қурилиш ишларига старт берди. Инвесторлар ва фаоллар билан самимий мулоқот бўлиб ўтди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси