Logo

Ўзбекистон Президенти: Ўзбекистон бўлажак сессияни энг юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун барча кучини сафарбар этади

Ноябрь 23, 2023. 11:01 • 2 дақ

376
Ўзбекистон Президенти: Ўзбекистон бўлажак сессияни энг юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун барча кучини сафарбар этади

ТОШКЕНТ, 23 ноябрь. /«Дунё» АА/. Президент Шавкат Мирзиёев  барча хорижий дўстларимиз ва шерикларимизга ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда қадим Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги тарихий қарорни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан барча хорижий дўстларимиз ва шерикларимизга ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда қадим Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги тарихий қарорни қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдираман, - деб ёзди давлатимиз раҳбари telegram каналида. - Минтақамизда биринчи марта ўтадиган ушбу муҳим глобал миқёсдаги тадбир халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг улкан цивилизацион салоҳиятини яна бир бор намойиш этишга хизмат қилади, деб ишонаман.


Ўз навбатида, Ўзбекистон бўлажак сессияни энг юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун барча кучини сафарбар этади».


Эслатиб ўтамиз, Парижда ўтаётган БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош ассамблеясининг 42-сессиясида Ўзбекистоннинг навбатдаги, 43-сессияни 2025 йилда Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватланди ва тегишли қарор қабул қилинди. Қирқ йилдан ортиқ вақт давомида илк бор ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг сессияси ташкилот қароргоҳи жойлашган Париж шаҳридан ташқарида ўтказиладиган бўлди. «Бу дипломатик муваффақият», - дея изоҳлади қабул қилинган қарорни 42-сессия раиси Симона-Мирела Микулеску.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш