Ўзбекистон Президенти “Наманган қўйчилик кластери” фаолияти билан танишди

Июнь 23, 2026. 11:55 • 2 дақ

72
Ўзбекистон Президенти “Наманган қўйчилик кластери” фаолияти билан танишди
Ўзбекистон Президенти “Наманган қўйчилик кластери” фаолияти билан танишди

ТОШКЕНТ, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Тўрақўрғон туманидаги “Наманган қўйчилик кластери” фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган кенг имкониятлар туфайли амалга ошди.

Умумий қиймати 35 миллион доллар бўлган кластер туман ҳудудидан ажратилган 10 гектар ер майдонида уч босқичда йўлга қўйилади.

Биринчи босқичда хориждан 15 минг бош наслдор қўй олиб келинса, иккинчи босқич якунида чорва сонини яна 35 минг бошга кўпайтириш режа қилинган. Юқори маҳсулдорликка эга бўлган “Арашан”, “Ҳисор” ва “Адельбай” зотларини маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш кўзда тутилган.

Кластерда жорий этилаётган замонавий парвариш технологиялари ва илмий ёндашув орқали гўшт етиштириш ҳажми ҳамда сифатини сезиларли даражада ошириш имконияти мавжуд. Лойиҳанинг технологик кўрсаткичларига кўра, хориждан олиб келинган 40-50 килограмм вазндаги қўйларни уч ой давомида интенсив усулда боқиш орқали уларнинг вазнини 100 килограммгача етказиш режалаштирилган. Бу ҳар бир бош қўйдан 60-70 килограммгача соф гўшт олиш демакдир.

Шунингдек ўқинг

Натижада анъанавий чорвачиликка нисбатан маҳсулдорлик 45-50 фоизга ошади ва лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга тушганидан сўнг вилоятда йилига 35-40 минг тонна сифатли гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланади.

Бу ерда 280 та янги доимий иш ўрни яратилиши ҳамда 95 та камбағал оила вакилларининг бандлиги таъминланиши маҳаллий аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, мажмуа негизида замонавий логистика хизматлари, ветеринария ва сервис шохобчалари ҳамда маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотишга мўлжалланган савдо нуқталари барпо этилади. Натижада яхлит ва узлуксиз кластер занжири яратилади.

Президентимиз ушбу корхона тажрибаси чорвачилик тармоғини ривожлантириш, ички бозорни сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш ва аҳоли бандлигини оширишда фойдали эканини қайд этиб, уни оммалаштиришга топшириқ берди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш