Тўрақўрғонда тўлиқ занжирли паррандачилик лойиҳаси амалга оширилмоқда

Июнь 23, 2026. 13:05 • 3 дақ

70
Тўрақўрғонда тўлиқ занжирли паррандачилик лойиҳаси амалга оширилмоқда

ТОШКЕНТ, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Тўрақўрғон туманида фаолият юритаётган “Уйчи парранда” корхонасида наслли тухум етиштириш, инкубация қилиш ва гўшт ишлаб чиқаришни ўз ичига олган йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида ушбу корхона билан ҳам танишди.

Тижорат банкининг 50 миллион долларлик маблағи ҳисобидан 121 гектар майдонда Венгриянинг “Авиаген” компаниясидан келтирилган 60 минг бош наслли товуқлар интенсив усулда парваришланмоқда. Корхонанинг оддий хўжаликлардан бош устуворлиги инкубация жараёнидан бошлаб тайёр гўшт маҳсулотлари етиштиришгача бўлган тўлиқ саноат циклини қамраб олганидадир.

Бу ерда жорий этилган замонавий генетик технологиялар наслчилик йўналишида кунига 60 минг дона юқори сифатли тухум олиш ва инкубаторлар орқали 50 минг бош жўжа очириш имконини бермоқда.

Лойиҳанинг гўшт етиштириш тармоғи ҳам юқори иқтисодий самарадорликка эга. Ҳар бири 100 минг бош паррандага мўлжалланган комплексларда бройлерлар 45-50 кун ичида парваришланиб, бир циклда 120 тонна парранда гўшти олинади.

Ушбу муваффақиятли тажриба асосида келгусида вилоятнинг Мингбулоқ, Наманган, Норин, Поп, Уйчи, Чуст ва Чортоқ туманларида янги паррандачилик комплексларини барпо этиш зарурлиги қайд этилди. Натижада вилоятдаги жами паррандалар сони 12 миллион бошга етиб, лойиҳа доирасида қўшимча 500, кенгайтирилган кооперация тизими орқали эса жами 1 мингта янги иш ўрни яратилади.

“Уйчи парранда” корхонаси томонидан йўлга қўйилган яхлит саноат занжири нафақат Наманган, балки бутун Фарғона водийси бозорларида парранда гўшти ва тухум нархи барқарорлигини таъминлайди. Лойиҳа тўлиқ қувватга чиққач, хорижга экспорт ҳажми ҳам ортади. 

Давлатимиз раҳбари шу ернинг ўзида ҳудуднинг уста деҳқонлари, фермер ва тадбиркорлари билан мулоқот қилди. 

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, Президентимиз Наманган вилоятидаги бўш турган ерлардан унумли фойдаланиш ва Поп туманида ташкил этилган 100 гектарлик суперинтенсив боғ лойиҳасининг тақдимоти билан ҳам танишди.

Қиймати 20,7 миллиард сўм бўлган боғ туманнинг табиати ва тупроқ шароитига мос равишда барпо этилган. Энг муҳими, узоқ йиллар давомида фойдаланилмай ётган, сув билан таъминланишда мураккаб бўш ерлар мана шу лойиҳа сабабли чинакам даромад манбаига айланди.

Боғ ҳудудига жами 66,6 минг туп серҳосил мевали дарахт кўчатлари экилган. Бунда бозор талабидан келиб чиқиб, меваларнинг турига алоҳида эътибор қаратилди. Боғнинг 60 гектар майдонида 40 минг туп ўрик, 25 гектарида 16,6 минг туп шафтоли ва 15 гектарида 10 минг туп гилос дарахтлари парвариш қилинмоқда.

Замонавий суғориш ва парваришлаш усуллари туфайли ҳар бир гектардан ўртача 20 тоннадан сифатли ҳосил олиш кутилмоқда. Мазкур кўрсаткич оддий боғларга қараганда бир неча баробар кўп саналади.

Бу ерда йўлга қўйилган кооперация тизими асосида 300 та эҳтиёжманд оиланинг ҳар бирига 30 сотихдан ер бўлиб берилди. Бундай ёндашув кам таъминланган хонадонларни доимий даромад манбаи билан ҳам таъминлайди.

Шу тариқа Наманган вилоятида бўш турган ерларни иқтисодий айланмага киритиш изчил амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2019-2024 йилларда вилоятда 38 минг 900 гектар майдон қайта фойдаланишга киритилган бўлса, 2025 йилнинг ўзида яна 7 минг 28 гектар ер муомалага қайтарилди. Бу борадаги стратегик ташаббус доирасида 2028 йилга қадар фойдаланишда бўлмаган жами 18 минг гектар ер майдонини босқичма-босқич ўзлаштириш режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш