Ўзбекистон Президенти Россия Президентини телефон орқали таваллуд куни билан табриклади

Октябрь 07, 2026. 16:29 • 2 дақ

• 294
Ўзбекистон Президенти Россия Президентини телефон орқали таваллуд куни билан табриклади

ТОШКЕНТ, 7 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президенти Россия етакчисини таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат ва муваффақиятлар, дўст Россия халқига эса равнақ тилади.

Владимир Путиннинг замонавий Россияни барпо этишдаги тарихий роли ҳамда Ўзбекистон – Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган шахсий ҳиссаси қайд этилди.

Ўзаро ҳамкорлик барча йўналишларида жадал ривожланаётгани мамнуният билан таъкидланди. Ўзаро савдо ҳажми, саноат, энергетика ва бошқа устувор йўналишларда етакчи корхоналар кооперацияси кўлами изчил ортиб бормоқда.

Куни кеча Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда Ҳудудлар кенгашининг учинчи йиғилиши натижалари юқори баҳоланди.

Шунингдек ўқинг

Фаол маданий-гуманитар алмашинувлар давом этмоқда: яқинда мамлакатимизда “Санъатлар олами” деб номланган Россия санъати фестивали муваффақиятли ўтказилди, айни кунларда эса Москва шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтмоқда.

Томонлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.


Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш