Ўзбекистон Президенти Анқарада ватандошларимиз билан суҳбатлашди
Октябрь 29, 2026. 19:21 • 2 дақ
• 62
ТОШКЕНТ, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. Амалий ташриф билан бугун Анқара шаҳрига келган Президент Шавкат Мирзиёевни Туркиядаги ватандошларимиз самимий кутиб олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон етакчиси юртдошларимиз билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳаёти, ўқиши ва келажак режалари билан қизиқди.
– Яна бир бор ватандошларимни кўриб турганимдан хурсандман. Қаерда бўлманглар, бир дақиқа ҳам вақтингизни беҳуда ўтказманглар. Доимо илмга, билим олишга, ўрганишга интилинглар. Бу жонажон Ватанимиз, буюк Ўзбекистонимиз келажагига қўшадиган ҳиссангиз бўлади, – деди Президентимиз.
Мулоқотда ёшларга қаратилаётган эътибор мамлакатимизнинг узоқ истиқболи билан боғлиқ экани таъкидланди. Давлатимиз раҳбари улуғ аждодларимизнинг илмий мероси ва қадриятлари тикланаётганига тўхталиб, ватандошларимиз Янги Ўзбекистон тараққиётига кўмакдош бўлишига ишонч билдирди.
– Мен ватандошларимизни доимо соғиниб, эслаб юраман. Сизларнинг яхши яшашингиз, Ватанга қайтиб, унинг равнақига муносиб ҳисса қўша олишингиз учун Ўзбекистонда барча шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Илм олиш, билим эгаллаш, уй-жойли бўлиш учун имкониятларни кенгайтиряпмиз, – деди Президент Шавкат Мирзиёев ва ватандошларимизга муваффақиятлар тилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси