“La Nation”: Самарқанд болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро мулоқотнинг глобал майдони сифатидаги мақомини мустаҳкамламоқда
Октябрь 29, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 84
ЖЕНЕВА, 28 октябрь. /“Дунё” АА/. Швейцариянинг нуфузли “La Nation” нашрида “Болалар фаровонлиги: Ўзбекистон Бутунжаҳон саммитига мезбонлик қилмоқда” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ЮНИСЕФ, ЖССТ ва БМТ кўмагида 21–22 октябрь кунлари Самарқандда ўтказилган Болалар фаровонлиги бўйича бутунжаҳон саммитининг якунлари ёритилган. Мақола муаллифи БМТнинг Женевадаги бўлинмаси катта мухбири Катрин Фьянкан-Боконганинг таъкидлашича, мазкур нуфузли тадбир 100 дан ортиқ мамлакатдан 600 нафардан зиёд делегатни, жумладан, халқаро ташкилотлар вакиллари ва 15 нафар биринчи хонимни бир жойга жамлади.
Унда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий ислоҳотлар, хусусан, болалар қашшоқлиги даражасини 2021 йилдаги 21,5 фоиздан 2026 йилда 5,4 фоизгача кескин қисқарганига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёеванинг болалар, жумладан, саратон касаллигига чалинган гўдаклар саломатлигини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун ЖССТ Бош директорининг мукофоти билан тақдирлангани халқаро миқёсда эътироф этилгани қайд этилган. Бундан ташқари, “Замин” фонди ташаббуслари ва “Mehrli Maktab” таълим дастури ҳам алоҳида тилга олинган.
Нашрда қайд этилишича, Самарқанд халқаро мулоқот майдони сифатидаги мақомини тобора мустаҳкамлаб бормоқда. Саммитнинг асосий натижаси сифатида болалар соғлиқни сақлаш, инклюзив таълим ва ижтимоий ҳимоя соҳаларига инвестицияларни кенгайтиришни назарда тутувчи Самарқанд декларациясининг қабул қилингани кўрсатилган. Мақолада эришилган келишувларни амалда татбиқ этиш ҳамда миллий дастурларни узоқ муддатли молиялаштириш муҳимлиги таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси