Ўзбекистон Президенти Буюк Британиянинг савдо бўйича давлат вазирини қабул қилди

Октябрь 09, 2026. 23:20 • 2 дақ

• 213
Ўзбекистон Президенти Буюк Британиянинг савдо бўйича давлат вазирини қабул қилди

ТОШКЕНТ, 9 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон – Британия иқтисодий қўмитасининг иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Буюк Британиянинг савдо бўйича давлат вазири, лорд Анас Сарварни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат аввалида лорд Сарвар Ўзбекистон етакчисига Буюк Британия Бош вазири Энди Бёрнэмнинг самимий саломи ва махсус мактубини етказди.

Ўзаро манфаатли шерикликни, аввало, савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Сиёсий мулоқот жадал ривожланаётгани, барча даражалардаги алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Хавфсизлик соҳасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортиб бормоқда. Мамлакатимизда 260 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Шунингдек ўқинг

Лондон фонд биржасида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг илк IPOси муваффақиятли амалга оширилди. Молия соҳасида “Standard Chartered” банки, нефть-газ тармоғида эса “British Petroleum” компанияси фаол иш олиб бормоқда.

Учта қўшма олий таълим муассасаси ташкил этилди, Кембриж университети билан ҳамкорликда Президент мактаблари ишга туширилди. Британиялик сайёҳлар сони ҳам ортиб бормоқда.

Инфратузилмани ривожлантириш, энергетика, молия, геология, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда янги лойиҳаларни илгари суриш, буни, жумладан, Британия экспортни молиялаштириш агентлиги (UKEF) иштирокида амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Буюк Британия томони Тошкент шаҳрида “инглиз ҳуқуқи” тамойиллари асосида ишлайдиган Халқаро молия маркази фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш