Ўзбекистон Президенти Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари – ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Октябрь 19, 2026. 16:20 • 2 дақ
• 136
ТОШКЕНТ, 19 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Самарқанд шаҳрида “С5+1” форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари – ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат аввалида Рашид Мередов Ўзбекистон Президентига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Барча даражалардаги алоқалар жадал тус олгани мамнуният билан қайд этилди. Яқинда икки мамлакат муносабатлари тарихида янги механизм – Олий даражадаги стратегик шериклик кенгаши тузилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажмлари изчил ошиб бормоқда. “Шовот – Тошовуз” чегараолди савдо зонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Олий даражада эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда учинчи Ҳудудлар форуми ва Туркманистон шаҳарларида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон маданияти ва киноси кунларига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси