Ўзбекистон Президенти маданий меросни асраб-авайлаш ва халқаро маданий ҳамкорликни кенгайтириш чораларини кўриб чиқди

Сентябрь 10, 2026. 19:25 • 5 дақ

87
Ўзбекистон Президенти маданий меросни асраб-авайлаш ва халқаро маданий ҳамкорликни кенгайтириш чораларини кўриб чиқди

ТОШКЕНТ, 10 сентябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун маданий меросни асраб-авайлаш, музей ишини ривожлантириш ва Ўзбекистон маданиятини халқаро майдонда тарғиб қилиш бўйича келгуси ишлар юзасидан тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, сўнгги йилларда мамлакатимизда тарихий меросни асраб-авайлаш, ёдгорликларни реставрация қилиш, музейларни модернизациялаш ва халқаро маданий ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор изчил кучаймоқда. Бу ишлар гуманитар сиёсатнинг муҳим йўналиши, миллий ўзликни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини ошириш омилига айланмоқда.

ЮНЕСКО йўналишида эришилган натижалар алоҳида қайд этилди. Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 48-сессиясида Ўзбекистоннинг “Тошкентнинг модернизм меъморчилиги: Марказий Осиё замонавийлиги ва анъаналари” миллий номинацияси Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди. Ўзбекистон XX аср модернизми меъморий мероси бундай мақомга эга бўлган Марказий Осиё ва МДҲдаги биринчи давлат бўлди. Номинация таркибига Тошкент шаҳридаги 10 та муҳим объект киритилди. Бу сўнгги 25 йилда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига биринчи миллий киритилиши бўлди.

Фаол сиёсий-дипломатик ишлар натижасида “Қуёш” гелиомажмуаси Бутунжаҳон мероси объекти таркибида сақлаб қолинди.

Янги халқаро мақом Тошкентнинг меъморий меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маданий туризмни ривожлантириш, тадқиқотчилар, меъморлар ва халқаро экспертларни жалб этиш учун қўшимча имкониятлар яратади. Шу муносабат билан пойтахтнинг модернизм меъморчилигини асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш бўйича 2026-2030 йилларга мўлжалланган Давлат дастурини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш учун “Зомин тоғлари” табиат объекти номинациясини тайёрлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ушбу ҳудуд Зомин давлат қўриқхонаси ва Зомин миллий табиат боғини қамраб олиб, қимматли арча ўрмонлари ҳамда ноёб ҳайвонлар ва қушлар яшаш маконларига эга ягона тоғ табиий мажмуасини ташкил этади.

Тақдимотда Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси котибияти фаолиятини такомиллаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Котибиятнинг ЮНЕСКОнинг ижодий шаҳарлар тармоғи, таълим берувчи шаҳарлар тармоғи, ассоциациялашган мактаблар тармоғи, ЮНЕСКО кафедралари, ассоциациялар ва клублар, шунингдек, глобал геопарклар тармоғида мамлакатимиз иштирокини мувофиқлаштириш функцияларини кенгайтириш таклиф этилмоқда.

Маданий мерос соҳасидаги амалий ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда маданий мерос объектларини реставрация қилиш учун давлат бюджетидан 466,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. 305 та лойиҳа-смета ҳужжати тайёрланди, 55 та объектда ишлар якунланди, яна 152 та объектда ишлар давом этмоқда.

Ушбу ишларни тизимлаштириш мақсадида 8 183 та маданий мерос объекти бўйича кадастр ҳужжатлари шакллантирилди. Ёдгорликларни қисқа муддатли ижарага бериш орқали 4 187 та тадбиркорлик субъекти жалб этилиб, соҳавий жамғармага 27,9 миллиард сўм йўналтирилди. 2025 йилда 52 та объектга 152,9 миллиард сўм миқдорида маҳаллий ва хорижий инвестициялар жалб қилинди.

Ўзбекистонда Heritage Impact Assessment (HIA) – меросга таъсирни баҳолашнинг принципиал янги тизимини жорий этиш Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз каби ноёб тарихий шаҳарлар ва Тошкентнинг модернизм меъморчилигини жадал қурилиш ҳамда инфратузилма ривожи шароитида ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлади.

Шунингдек ўқинг

Маданий мероснинг ягона рақамли платформасини, объектларнинг рақамли эгизакларини, Heritage Open Data тизимини, шунингдек, маданий мерос бўйича ситуацион марказни ташкил этиш таклиф этилмоқда. Бу марказ IoT-сенсорлар, сунъий йўлдош маълумотлари, видеотаҳлил ва сунъий интеллект воситаларидан фойдаланган ҳолда мониторинг олиб бориш имконини беради. 2030 йилга қадар барча маданий мерос объектларини рақамлаштириш режалаштирилган.

Туристик юкламани бошқариш учун Visitor Management тизимини жорий этиш, рақамли чипталар қамровини кенгайтириш, туристлар оқимини прогноз қилиш ва заруратга қараб айрим объектларга ташриф лимитларини белгилаш кўзда тутилмоқда. Кадрлар тайёрлаш соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини яратиш, Бухорода ихтисослаштирилган реставрация олий мактабини очиш, Археология институтининг ҳудудий филиалларини ривожлантириш ва реставраторларни лицензиялашни жорий этиш режалаштирилмоқда.

Тарихий мерос ва замонавий инфратузилмани уйғунлаштирувчи янги лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, анъанавий усуллар ва замонавий лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ҳамда реставрация технологияларини бирлаштирадиган ихтисослаштирилган мозаика марказини ташкил этиш таклиф этилмоқда. Марказ Тошкент мозаика мактабини сақлаш, мутахассислар тайёрлаш ва монументал санъатнинг янги йўналишини ривожлантириш майдонига айланади.

Ичан-қалъа музей-қўриқхонаси ҳудудида “Оллоқулихон карвонсаройи” савдо марказини ташкил этиш лойиҳаси алоҳида кўриб чиқилди. Савдо нуқталарининг тартибсиз жойлашуви тарихий объектларнинг визуал яхлитлигини бузиши ва туристлар учун ноқулайликлар келтириб чиқариши қайд этилди. Янги лойиҳа анъанавий савдо руҳини сақлаш, ҳунармандлар учун шароит яратиш, кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш, шунингдек, янги туристик нуқтани шакллантиришга қаратилган.

Келгусида номоддий маданий меросни асраб-авайлаш соҳасида давлат сиёсатининг яхлитлигини таъминлаш мақсадида Республика “Ҳунарманд” уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорлик қилади.

Самарқандда Aga Khan Trust for Culture билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Бибихоним мажмуасини консервация ва реставрация қилиш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Лойиҳа маданий мерос объектларида меъморий консервация, илмий ўрганиш ва реставрация ишларини бошқариш бўйича халқаро стандартларни жорий этишни назарда тутади.

Лойиҳа доирасида ёдгорликни ҳужжатлаштириш ва тадқиқ этиш, археологик ва муҳандислик текширувлари, материаллар таҳлили, конструктив моделлаштириш ҳамда лойиҳа ечимларини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилади. Маҳаллий мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Кейинги босқичларда асосий гумбаз ва унга туташ иншоотларни консервация қилиш, ҳудудни ободонлаштириш ва музей экспозициясини яратиш кўзда тутилган.

Турли тарихий даврларда мамлакатимиздан олиб чиқиб кетилган ноёб тарихий ёдгорликлар, археологик ашёлар, нодир қўлёзмалар ва санъат асарларини тизимли излаш, ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва юртимизга қайтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида маданий бойликларни репатриация қилиш бўйича комиссияни шакллантириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Якунда 2027-2035 йилларга мўлжалланган Маданий меросни ривожлантириш стратегияси бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Унда маданий меросни рақамлаштириш, моддий ва номоддий меросни асраб-авайлаш, маданий бойликларни репатриация қилиш, табиий меросни муҳофаза қилиш ва реставрацияни ривожлантириш дастурлари назарда тутилган.

Давлатимиз раҳбари тақдим этилган таклифларни такомиллаштириш ва уларнинг амалий ижросини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш