Ўзбекистон ва Сербия Президентлари Белград шаҳрида қўшма бизнес форумида иштирок этдилар

Сентябрь 08, 2026. 20:13 • 2 дақ

56
Ўзбекистон ва Сербия Президентлари Белград шаҳрида қўшма бизнес форумида иштирок этдилар

ТОШКЕНТ, 8 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Президенти Александр Вучич бугун қўшма бизнес форумида иштирок этдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда икки мамлакатнинг 200 нафардан зиёд расмий ва ишбилармон доира вакиллари, етакчи саноат ва савдо корхоналари раҳбарлари, хусусан, Сербиянинг “Galenika”, “AbelaPharm”, “Gosa FOM”, “YUMCO”, “Luss Textile” каби компаниялари қатнашди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида самарали ўтган олий даражадаги музокаралар икки томонлама алоқаларда янги саҳифа очганини таъкидлади. Ўзбекистон ва Сербия ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилгани асосий натижа бўлди.

Ўзаро етказиб бериладиган маҳсулотлар турини кенгайтириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳисобига ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш бўйича марра белгиланган. Саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида 2026-2028 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди.

Ўзбекистон Президенти иқтисодий шерикликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди. Тўқимачилик ва электротехника маҳсулотлари, автомобиль ва саноат бутловчи қисмларини биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, фармацевтика препаратларини маҳаллийлаштириш, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, дастурий таъминот ва сунъий интеллект соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш шулар жумласидан.

Мамлакатимиз етакчиси Сербия бизнеси учун юртимизда қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратишга ҳамда ҳар бир қўшма лойиҳани амалга оширишда амалий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Якунда қатор икки томонлама иқтисодий битимлар ва савдо шартномалари имзоланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш