Олий даражадаги учрашув натижалари икки томонлама ҳужжатлар билан мустаҳкамланди
Октябрь 29, 2026. 21:22 • 2 дақ
• 79
ТОШКЕНТ, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Анқара шаҳрида бугун бўлиб ўтган музокаралар якунида Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашни таъсис этиш тўғрисидаги битимни имзоладилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, бундан ташқари, кўп қиррали ва узоқ муддатли шерикликнинг турли йўналишларини қамраб олувчи икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланди. Хусусан:
– Имтиёзли савдо битими доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш тўғрисидаги баённома;
– Ижтимоий таъминот тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ва уни амалга ошириш бўйича маъмурий битим;
– 2022 йил 29 мартда имзоланган давлат чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисидаги баённомага ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қўшимча баённома.
Имзоланган ҳужжатлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ишбилармон доиралар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда икки мамлакат фуқароларининг ижтимоий ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси