Logo

Ўзбекистон ва Туркия Президентлари гуманитар лойиҳаларни ишга тушириш маросимида иштирок этдилар

Январ 29, 2026. 23:55 • 2 дақ

120
Ўзбекистон ва Туркия Президентлари гуманитар лойиҳаларни ишга тушириш маросимида иштирок этдилар

ТОШКЕНТ, 29 январь. /“Дунё” АА/. Анқара шаҳрига расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған бугун Ҳатай вилоятида мамлакатимиз томонидан барпо этилган “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда Ўзбекистон етакчиси уч йил олдин содир бўлган вайронкор зилзила қардош турк халқи учун оғир синов бўлганини таъкидлади. Ўзбекистон ушбу фожиали даврнинг дастлабки кунлариданоқ Туркияга ҳар томонлама ёрдам кўрсата бошлади.

Қисқа фурсатда 100 нафар ўзбекистонлик қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходими фалокат содир бўлган ҳудудга етиб борди. Қидирув-қутқарув ишлари натижасида 18 киши қутқарилди, 200 нафарга яқин жабрланганлар вайроналар остидан чиқарилди. Дала шифохонаси 4 минг нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатди.

Президент Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан зилзила оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди. Бугунги кунга қадар мамлакатда 455 мингдан ортиқ уй-жой қурилди.

Ўзбекистон, ўз навбатида, қисқа муддатларда Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида 300 дан зиёд тўлиқ жиҳозланган хонадон, жами 24 та кўп қаватли уйдан иборат барча зарур инфратузилмага эга замонавий турар жой мажмуасини барпо этди.

Туркия Президенти ушбу мажмуа нафақат жабрланган оилалар учун янги уй, балки ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги абадий дўстликнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади.

Етакчилар лойиҳани амалга оширишда иштирок этган қурувчилар, муҳандислар, ишчилар ва барча ҳамкорларга самимий миннатдорлик билдирдилар.

Давлат раҳбарлари янги хонадонлар калитларини уларнинг эгаларига тантанали равишда топширдилар.

Шунингдек, Президентлар Истанбулнинг Бекиркёй туманида ўзбек мактаби қурилишини бошлаб бердилар. Мазкур даргоҳ Ўзбекистоннинг хориждаги биринчи таълим муассасаси бўлади.

Янги ўқув маскани Туркияда яшовчи ўзбек оилаларининг фарзандларига ўз она тилида таълим олиши билан бирга миллий қадриятлар, маданият ва анъаналарни сақлаб қолиш имконини беради.

Томонлар ушбу мактаб икки қардош халқ ўртасидаги ришталар янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилиши, ёш авлод учун муҳим таълим ва тарбия марказига айланишига ишонч билдирдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш