Иқтисодиёт ва аҳолини куз-қиш мавсумида кўмир билан таъминлаш режалари кўриб чиқилди
Ноябрь 18, 2025. 20:38 • 2 дақ
• 247
ТОШКЕНТ, 18 ноябрь. /"Дунё" АА/. Президент Шавкат Мирзиёев кўмир қазиб чиқаришда эришилган натижалар ва келгуси вазифалар юзасидан тақдимот билан танишди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида энергетиканинг барча тармоқлари қатори кўмир саноатида ҳам янги лойиҳалар амалга оширилмоқда, ишлаб чиқариш қувватлари ва ҳажмлари кўпайтирилмоқда.
2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумида қарийб 8,7 миллион тонна кўмир қазиб олиниб, иссиқлик электр станциялари, бюджет ташкилотлари ва аҳолига етказиб берилди.
Тақдимотда 2025/2026 йиллар куз-қиш мавсумида 10 миллион тонна кўмир ишлаб чиқариш режалаштирилгани маълум қилинди. Бунинг учун "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамияти корхоналарининг моддий-техник базаси кучайтирилди, соҳада қўшимча ишлаб чиқарувчиларнинг фаолияти учун шароитлар яратилди.
Президентимиз мавсум давомида аҳолини кўмир билан кафолатли таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди. Корхоналарни модернизация қилиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, соҳада бозор тамойиллари ҳамда рақобатни ривожлантириб, маҳсулот таннархини тушириш муҳимлиги қайд этилди.
Тақдимотда уран йўналишидаги янги инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, геология-қидирув ишларининг кўламини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси