Тбилисида Ўзбекистон ва Грузия Президентларининг музокаралари бўлиб ўтди

Июль 02, 2026. 21:18 • 2 дақ

50
Тбилисида Ўзбекистон ва Грузия Президентларининг музокаралари бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 2 июль. /“Дунё” АА/. Бугун Грузияга давлат ташрифи доирасида Тбилиси шаҳридаги Орбелиани саройида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Президенти Михаил Кавелашвилининг музокаралари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон–Грузия кўп қиррали муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон етакчиси Грузия Президентига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, ушбу мамлакатга давлат ташрифи сўнгги 23 йилда илк бор амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.

Парламентлар, ҳукуматлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.

Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 270 миллион долларга етди, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони ортиб бормоқда. Мамлакатимизда Грузиянинг биринчи рақамли банки – “TBC” муваффақиятли фаолият юритмоқда. Тошкент билан Тбилиси ва Батуми шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон пойтахтида Грузия маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди.

Ўзаро савдо ҳажмини, жумладан, Поти ва Батуми портлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали янада ошириш масалаларига устувор эътибор қаратилди.

Фармацевтика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, рақамли технологиялар ва туризм соҳаларида кооперацияни ривожлантириш учун имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Ишбилармонлик, туристик ва гуманитар алмашинувларни йўлга қўйиш учун ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Михаил Кавелашвилини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш