Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашувидаги нутқи
Июль 31, 2026. 15:32 • 4 дақ
• 140
(2026 йил 31 июль, Чўлпонота ш.)
Ҳурматли Садир Нурғожоевич!
Ҳурматли давлат раҳбарлари!
Қирғизистон Президенти ҳурматли Садир Нурғожоевич Жапаровга норасмий учрашувимизни ўтказиш ташаббуси ва “Қирғиз денгизи” – гўзал Иссиқкўл соҳилидаги илиқ қабул учун самимий миннатдорлик билдираман.
Икки кун давомида Қирғизистонда бўлар эканман, Сизнинг раҳбарлигингизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари менда катта таассурот қолдирди. Мамлакат иқтисодий ривожланиш бўйича юқори суръатларни намойиш этмоқда, унинг халқаро нуфузи муттасил ошиб бормоқда.
Сизни ва қардош қирғиз халқини Қирғизистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлангани билан табриклаймиз.
Туркманистон Президенти Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовга ҳам Маслаҳат учрашувлари форматида самарали раислик қилаётгани учун миннатдорлик билдираман.
Ҳурматли учрашув иштирокчилари!
Бугун биз давлатларимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрамларини нишонлаш арафасида йиғилиб турибмиз. Шу йиллар мобайнида ҳар бир мамлакат давлатчиликнинг шаклланиши, иқтисодий ўсиш ва миллий тикланишнинг ўзига хос ва бетакрор йўлини босиб ўтди.
Илгари тарқоқ бўлган Марказий Осиё бугунги кунда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида тараққиётнинг умумий мақсадлари йўлида бирлашмоқда.
Шу билан бирга, мураккаб ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган бугунги халқаро воқелик биздан янада қатъият билан ҳаракат қилишни ва янада яқин мувофиқлаштирувни талаб этмоқда.
Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувлари форматига қўшилиши ўзаро ҳамкорлигимизни сифат жиҳатидан янги – макроминтақавий даражага олиб чиқмоқда.
Биз учун Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва яқин қўшнимиз – Афғонистонни бирлаштирувчи ягона тараққиёт маконини шакллантириш борасида тарихий имконият очилмоқда. Ушбу вазиятдан тўлиқ фойдаланиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан Евроосиёнинг қоқ юрагида барқарор ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ва яхши қўшничилик учун мустаҳкам пойдевор яратишимиз зарур.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Минтақавий ҳамкорликнинг барқарор архитектурасини шакллантиришга ўтиш вақти келди. Унинг тузилиши ҳамкорликнинг самарали институтлари, тармоқ идораларининг яқин муносабатлари, ҳудудларнинг тўғридан-тўғри алоқалари ҳамда ва ривожланишнинг асосий йўналишларидаги узоқ муддатли қўшма дастурларга таяниши зарур.
Минтақамизнинг халқаро субъект сифатидаги мақомини мустаҳкамлаган ҳолда давлатлараро ташкилотлар ва “Марказий Осиё плюс” форматлари доирасида ўзаро мувофиқлаштирувни кучайтириш лозим.
Савдо-иқтисодий ва транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, узлуксиз саноат-технологик занжирларни кенгайтириш, умумий рақамли хизматларни ривожлантириш ҳамда инвестиция платформаларини ишга тушириш бўйича келгуси қадамларни пухта ишлаб чиқиш лозим.
Марказий Осиё таълим, илм-фан ва катта маълумотлар соҳасида инновациялар бўйича рақобатбардош хабга айланиши керак. Бунга кадрлар салоҳияти, сунъий интеллект технологиялари, дата-марказлар ва энергетика қувватларини бирлаштирган яхлит инфратузилмани яратиш орқали эришиш мумкин.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар доим минтақавий кун тартибининг устувор йўналиши бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Ягона табиий маконимизда юзага келаётган таҳдидлар давлат чегараларини тан олмайди, шундай экан, уларга жавоб чоралари ҳам умумий бўлиши керак.
Жорий йилги ёзнинг аномал даражада иссиқ келиши иқлим ўзгариши аллақачон иқтисодиёт, сув ва энергетика хавфсизлиги, одамларнинг саломатлиги ва ҳаёт сифатига тўғридан-тўғри таъсир қиладиган омилга айланиб бораётганини яна бир бор кўрсатди. Ана шундай янги хавф-хатарларга биргаликда мослашиш бўйича узоқ муддатли ечимларни топиш муҳимдир.
Ҳамкорлигимизнинг ўзгармас устувор йўналишлари орасида гуманитар алоқалар муҳим аҳамият касб этади. Халқларимиз асрлар давомида ёнма-ён яшаган, савдо-сотиқни ривожлантирган, билим ва маданий анъаналар билан ўзаро алмашган.
Замонавий ҳамкорлик чуқурлашгани сари ҳамжиҳатлик туйғуси ҳам мустаҳкамланмоқда. Умумминтақавий ўзига хослик, халқларимизнинг миллий ўзлиги сақланган ҳолда босқичма-босқич шаклланмоқда.
Ишончим комил, ушбу соҳадаги ишларнинг моҳияти сифат жиҳатидан ўзгариши халқларимиз ўртасидаги бирлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тушуниш туйғусини мустаҳкамлайди.
Азиз дўстлар!
Ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш бўйича бугун айтиб ўтилган ташаббус ва таклифларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Фурсатдан фойдаланиб, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаев ва бутун қозоқ халқига янги Қурултойга сайловлар муваффақиятли ўтишини тилаб қоламан.
Сўзимнинг якунда бизнинг умумий кучимиз – бирлик, ўзаро ишонч ва биргаликдаги яратувчанликка қатъий садоқатимизда эканини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, тинчлик ва янги ютуқлар, мамлакатларимиз халқларига эса фаровонлик ва равнақ тилайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси