Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига давлат ташрифи якунланди
Сентябрь 16, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 106
ТОШКЕНТ, 16 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифининг тадбирларга бой дастури бугун якунига етди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён билан Сеул шаҳрида ўтказилган тор доирадаги ва кенгайтирилган таркибдаги музокараларда алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Миллий Ассамблея спикери Чо Чжон Шик ва Бош вазир Хан Сон Сук, Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари ҳамда молиявий институтлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.
Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес-форуми доирасида қўшма лойиҳалар ишга туширилди ва қурилиши бошланди, салмоқли келишувлар пакети имзоланди.
Давлатимиз раҳбари биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитида иштирок этиб, ҳамкорликнинг бешта стратегик йўналиши бўйича ташаббусларни илгари сурди. Ўзбекистон Президенти ушбу форматдаги биринчи бизнес саммитда ҳам сўзга чиқди.
Ташриф доирасида Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан учрашувлар ўтказилди.
Тадбирлар якунлангач, аэропортда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва рафиқасини Корея Республикаси ички ишлар ва хавфсизлик вазири Юн Хо Чжун ҳамда бошқа расмийлар кузатиб қўйди.
Давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси