Ўзбекистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш масалаларини муҳокама қилди

Сентябрь 16, 2026. 19:30 • 2 дақ

3
Ўзбекистон ва Покистон ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш масалаларини муҳокама қилди

ИСЛОМОБОД, 16 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Билол Ҳайе билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё”АА мухбири.

Учрашув аввалида Ўзбекистон томони Покистон вакилига Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

Асосий эътибор олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни диверсификация қилиш, маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди.

Покистон ташқи ишлар вазири ўринбосари олий даражадаги барқарор сиёсий мулоқот ва ишончли алоқаларни қайд этган ҳолда, икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолатини юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, савдо-иқтисодий, транспорт, туризм ва ҳудудлараро ҳамкорлик соҳаларида ижобий динамика кузатилмоқда.

“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган салмоқли натижалардан яхши хабардорман. Тошкент минтақада Исломободнинг асосий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан икки томонлама муносабатларни янада кенгайтириш ва уларга кўп қиррали тус бериш учун улкан имконият мавжуд”, – деди Билол Ҳайе.

У Исломободда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан барпо этилаётган “Бобур боғи”ни икки халқнинг умумий тарихи ва дўстлиги рамзи, Ўзбекистоннинг Покистон халқига қимматли совғаси деб атади.

Музокаралар чоғида томонлар икки давлат раҳбарлари томонидан ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича қўйилган вазифани амалга ошириш механизмларини кўриб чиқди.

Ушбу мақсадга эришиш учун транспорт-логистика чекловларини бартараф этиш ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича ечимлар топиш зарурлиги таъкидланди.

Ҳудудлараро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Покистон томони жорий йилда Тошкент ва Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон раҳбарларининг Покистонга ташрифларини ижобий баҳолади.

Томонлар фуқароларнинг ўзаро қатновини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар сони саккизтага етгани, рейслар сонининг янада кўпайиши сайёҳлар ва тадбиркорларнинг сафарларини осонлаштириши қайд этилди.

Учрашув якунда томонлар дипломатик мулоқотни давом эттиришга ва мавжуд ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича амалий чора-тадбирларни муҳокама қилишга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш