Ўзбекистон ва Қирғизистон экспертлари Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослиги масалаларини муҳокама қилди
Июль 23, 2026. 11:30 • 4 дақ
• 53БИШКЕК, 23 июль. /“Дунё” АА/. 22 июль куни Бишкекда Ўзбекистон делегациясининг Қирғизистонга ташрифи дастури доирасида Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослигини шакллантириш ва мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган экспертлар семинари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда асосий эътибор Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослигини шакллантириш ва мустаҳкамлаш концепцияси лойиҳасини муҳокама қилишга қаратилди.
Тадбир Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ), Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Миллий стратегик ташаббуслар институти (МСТИ) ҳамда Швейцариянинг “PeaceNexus” жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
СМТИ директорининг биринчи ўринбосари Акромжон Неъматов Марказий Осиё бугунги кунда ўз тараққиётининг сифат жиҳатидан янги тарихий босқичига қадам қўйганини таъкидлади. Бу босқич ишончнинг мисли кўрилмаган даражада мустаҳкамланиши, ўзаро боғлиқликнинг кенгайиши ва давлатлар ўртасидаги тўсиқларнинг изчил бартараф этилиши билан ифодаланади.
Акромжон Неъматов эришилган юксак даражадаги ҳамжиҳатлик, жипслик ва аҳил қўшничилик бутун минтақанинг барқарор ривожланиши учун фундаментал омил бўлиб хизмат қилаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, глобал беқарорлик шароитида Марказий Осиёнинг роли мустаҳкамланиб, унинг халқаро майдондаги субъектлиги ортиб бораётгани жаҳон аренасида салмоқли рақобат устунлигига айланмоқда.
Шу билан бирга, ушбу трансформацияларнинг асосий мазмуни минтақанинг ўзида мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлашда мужассам экани таъкидланди. Очиқ чегаралар, қўшма иқтисодий лойиҳалар, транспорт йўлаклари ва маданий мулоқот кундалик ҳаётда янги имкониятлар очаётгани боис Марказий Осиё халқлари минтақавий яқинлашувнинг асосий бенефициарлари бўлиб қолмоқда.
Акромжон Неъматовнинг фикрича, бу ижобий тенденциялар ортга қайтмас тус олиши учун эришилган келишувларнинг узоқ муддатли бўлишини таъминлаш ўта муҳимдир. Минтақа ривожланишининг барқарорлиги яқинлашув жараёнлари жамиятнинг ўзи томонидан қай даражада чуқур қўллаб-қувватланишига боғлиқ.
Шу муносабат билан минтақавий ўзига хосликни фаол мустаҳкамлаш, бутун макон тақдири учун дахлдорлик ва бирдамлик масъулияти ҳиссини кучайтириш зарур. Бу жараённинг амалий маъноси оддий ҳақиқатни аниқ англашдан иборат: ҳар қандай қўшни мамлакатдаги тинчлик, хавфсизлик ва иқтисодий фаровонлик минтақадаги ҳар бир давлатнинг равнақини бевосита белгилаб беради.
Шу билан бирга, минтақавий ўзига хослик миллий мансублик ёки суверенитетга зид келмаслиги ёхуд уни заифлаштирмаслиги, аксинча, уларни уйғун равишда тўлдириши алоҳида таъкидланди. Иштирокчилар унинг шаклланишининг асосий пойдевори сифатида умумий тарихий-маданий ва цивилизацион маконга мансублик, минтақа халқлари учун умумий бўлган қадриятлар ҳамда келажакка оид муштарак қарашларни қайд этди.
Тадбир қатнашчилари Бишкекдаги семинар аввалроқ Тошкент ва Фарғона водийсида муваффақиятли ўтказилган эксперт мунозаралари туркумини узвий давом эттираётганини таъкидлади. Бундай тадбирларни Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам ўтказиш режалаштирилган. Бунда Концепцияни ишлаб чиқиш жараёни инклюзив характерга эга: ҳужжат бошиданоқ минтақанинг барча мамлакатлари тўплаган тажриба, миллий манфаатлар ва умумий ривожланиш мақсадларини акс эттирувчи қўшма интеллектуал маҳсулот сифатида яратилмоқда.
Иш жараёнида экспертлар ташкилотчилар томонидан таклиф этилган кенг кўламли долзарб мавзуларни батафсил кўриб чиқди.
Хусусан, иштирокчилар минтақавий ўзига хосликнинг моҳияти ва аҳамиятини таҳлил қилди, “Марказий Осиёлик” образининг замонавий қиёфаси ва унга асос бўла оладиган фундаментал қадриятларни муҳокама этди. Халқаро тажрибани маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда мослаштириш, ўзига хосликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган омилларни аниқлаш, шунингдек, потенциал хатарлар, нозик жиҳатлар ва ахборот тўсиқларини таҳлил қилишга алоҳида эътибор берилди.
Иштирокчилар натижаларга эришиш учун соҳаларни излаш, минтақа аҳолисида дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган механизм ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ўзига хосликнинг шаклланиш динамикасини мониторинг қилиш масалаларига эътибор қаратди.
Муҳокамалар давомида экспертлар тақдим этилган лойиҳани тўла қўллаб-қувватлаб, Концепцияни минтақанинг барча мамлакатлари учун қўшма интеллектуал маҳсулотга айлантириш зарурлигини таъкидлади. Иштирокчилар минтақавий ўзига хослик академик мобиллик, чегараолди ҳамкорлик, креатив саноат ва экологик ташаббусларни ривожлантириш орқали амалий мазмун билан бойитилиши керак, деган якдил фикрга келди. Бу яқинлашув жараёнларини ҳар бир фуқаро учун янада яқин ва тушунарли қилиш имконини беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

