Logo

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Консуллик бўлими ҳаётидан бир кун

Февраль 14, 2025. 07:06 • 2 дақ

231
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Консуллик бўлими ҳаётидан бир кун

МОСКВА, 14 февраль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонасининг Консуллик бўлими фаолияти Россия ҳудудида бўлган жисмоний ва юридик шахсларининг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Консуллик бўлими юкланган вазифа ва функцияларга мувофиқ Ўзбекистон фуқаролари ва чет эл фуқароларига турли консуллик масалалари бўйича ёрдам кўрсатиляпти.

Ҳозирги кунда Консуллик бўлими замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, кунига 300 га яқин кишига консуллик хизмати кўрсатиш имкониятига эга.

Консуллик ҳудудида электрон навбат ўрнатилган, шунингдек, барча зарур қулайликлар билан жиҳозланган она ва бола хонаси мавжуд.

Фуқароларга янада сифатли консуллик хизматларини кўрсатиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида консуллик бўлимида 24/7 Cалл-марказ фаолият кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Cалл-марказ Ўзбекистон фуқароларига ўзбек ва рус тилларида консуллик-ҳуқуқий хусусиятдаги зарур маълумотларни автоматик тарзда олиш имконини беради.

Фурқат Зуфаров, Ўзбекистон элчихонаси Консуллик бўлими иккинчи котиби:

– Ҳар куни элчихонанинг Консуллик бўлимига 200-250 га яқин киши ўз юмуши бўйича мурожаат қилади. Биз уларнинг мурожаатларини тезкорлик билан ҳал этишга ҳаракат қиламиз.

Аксарият мурожаатлар паспортни алмаштириш ёки янгилаш, Ватанга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштириш билан боғлиқ. Бундан ташқари, қабул қилувчи давлат ҳудудида ҳуқуқлари бузилган юртдошларимизга консуллик ва юридик ёрдам кўрсатамиз.

Консуллик бўлими Ўзбекистон фуқароларининг консуллик-ҳуқуқий масалаларини тартибга солиш мақсадида Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари билан яқин алоқалар ўрнатган.

Муслима Қувват қизи, ватандош:

– Ўзбекистон элчихонасининг Консуллик бўлимига паспорт олиш учун келдик. Бу бизнинг консулликка иккинчи ташрифимиз. Бу ерда яратилган шароитлар жуда яхши. Хоналар иссиқ, навбат тартибга солинган.

Суратга олиш ва ҳужжатларни топшириш учун ҳам узоқ навбат кутмайсиз. Консуллик бўлими ходимлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар бизни тўла қониқтирмоқда.

Мен аллақачон фарзандим учун сертификат олганман. Энди менда ҳам фарзандларим билан Ватанга учиш имконияти бор.

Виктория, Россия фуқароси:

– Мен биринчи марта Ўзбекистон элчихонасининг Консуллик бўлимига келдим.

Ўзбекистон бўйлаб 12 кунлик саёҳатга отланяпмиз. Саёҳат давомида керакли ҳужжатларни олиш учун ариза топширдим.

Мурожаатим жуда тез ва муаммосиз ҳал бўлди. Консуллик бўлимидаги ишимга салкам 30 дақиқа кетди. Бу ерда яратилган шароитлар ва ходимларнинг муносабати менга ёқди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш