Янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий тажрибаси Лиссабонда намойиш қилинади
Январ 27, 2026. 11:09 • 2 дақ
• 90
ЛИССАБОН, 27 январь. /“Дунё” АА/. 26–27 январь кунлари Португалия пойтахтида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни жорий этишга қаратилган давлат тузилмаларини бирлаштирувчи “Амалга ошириш, ҳисобот бериш ва кейинги ҳаракатлар бўйича миллий механизмлар халқаро тармоғи”нинг учинчи халқаро семинари ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу семинар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси кўмагида Португалия Миллий инсон ҳуқуқлари қўмитаси томонидан ташкил этилди.
Семинар дунёнинг турли минтақаларидан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий механизмлар, халқаро ташкилотлар, БМТ тизими органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва илмий доиралар вакилларини бир жойга тўплади.
Тадбир дастурига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов маъруза қилди. У нутқида Янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги тажрибаси, идоралараро мувофиқлаштириш, ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро механизмлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилишнинг мавжуд шакл ва воситаларини тўлдириши, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ҳақидаги 56-модданинг мустаҳкамлангани ушбу тизимни институционал жиҳатдан мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Конституцияда давлатнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни ташкил этиш ва уларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мажбурияти тўғридан-тўғри белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон ўз миллий тажрибасини тақдим этиш учун Лиссабон анжуманига таклиф этилган Марказий Осиёдаги ягона давлат ҳисобланади.
Ялпи мажлислар ва шуъба йиғилишларида БМТ шартномавий органлари ва Универсал даврий шарҳ тавсияларининг амалий ижросини таъминлашда “Амалга ошириш, ҳисобот бериш ва кейинги ҳаракатлар бўйича миллий механизмларнинг халқаро тармоғи” қандай аҳамият касб этиши хусусида атрофлича фикр юритилди. Иштирокчилар бу борада тавсияларни кузатиб боришнинг рақамли воситаларидан фойдаланиш, минтақавий ва минтақалараро тармоқларни ривожлантириш механизмлари юзасидан фикр алмашди.
Тадбирнинг якуний хулосалари Асунсьон декларацияси ва Марокаш бошқарув асослари негизида ишлаб чиқилган “Амалга ошириш, ҳисобот бериш ва кейинги ҳаракатлар бўйича миллий механизмларнинг халқаро тармоғи”нинг 2026–2031 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасини расман қабул қилишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
