Logo

Фарғона тинчлик форумининг биринчи йиғилиши якунланди

Октябрь 16, 2025. 20:46 • 2 дақ

398
Фарғона тинчлик форумининг биринчи йиғилиши якунланди

ФАРҒОНА, 17 октябрь /"Дунё" АА/. 15-16 октябрь кунлари Фарғона шаҳрида "Фарғона водийси: тинчлик ва тараққиёт йўлида бирдамлик" мавзусида Фарғона тинчлик форумининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беряпти "Дунё" АА мухбири воқеа жойидан.

Форум Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Прогрессив ислоҳотлар маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Сув ресурсларини бошқариш халқаро институти ҳамда тинчлик ва ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш масалаларига ихтисослашган нуфузли халқаро тузилмаларни бирлаштирувчи платформа - Тинчликни барпо этиш хаби билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Икки кун давом этган муҳокамаларда Фарғона водийсида ишонч ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий салоҳиятини юзага чиқариш, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, барқарор тинчликни таъминлашда ёшларнинг роли ҳақида фикр алмашилди.

Анжуман якунида Фарғона водийсида умумий дўстлик, тотувлик ва барқарор ривожланиш маконини яратиш бўйича томонларнинг садоқатини акс эттирувчи Коммюнике қабул қилинди. Ҳужжат барча иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

Коммюникеда минтақавий мулоқотни давом эттириш ва сув ресурсларини бошқариш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, савдо, транспорт ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳимлиги қайд этилган.

Ҳужжатда таклиф этилаётган ташаббусларни янада ўрганиш ва амалиётда татбиқ этиш учун Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларига, БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотларга юборилади.

Ташкилотчилар Фарғона форуми долзарб минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш, минтақа мамлакатлари ўртасида ишонч ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни илгари суриш учун доимий платформага айланишига ишонч билдирди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш