Қорақалпоғистонда хорижлик дипломатлар Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган ўтов билан танишди
Февраль 24, 2026. 19:17 • 46 сония
• 144
НУКУС, 24 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида “Оқ қуш”сайёҳлик мажмуаси фаолияти ва Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган дунёдаги энг катта йиғиштириб бўлмайдиган ўтов билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Дипломатларга диаметри 40,5 метр ва баландлиги 22 метр бўлган, дунёдаги энг катта қисмларга ажратилмайдиган ўтов сифатида эътироф этилган ўтов тақдим этилди. Иншоотдан халқаро форумлар, ишбилармонлик учрашувлари ва маданий тадбирларни ўтказиш учун кўп функцияли майдон сифатида фойдаланилади.
Таъкидланганидек, 2024 йил 20 август куни ушбу ўтовда Тошкент шаҳридан ташқарида илк бор Ўзбекистон Президентининг тадбиркорлар билан йиллик очиқ мулоқоти ўтказилди.
Президентнинг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов меҳмонлар ва иштирокчиларга объектнинг қурилиш жараёни ва меъморий хусусиятлари ҳақида маълумот берди. Дипломатларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев ва Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрматов ҳам қўшилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
