Наманганда “Дўстлик-2026” Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳарбий ўқув машғулотлари бошланди
Апрель 15, 2026. 17:20 • 2 дақ
• 136ДЕҲЛИ, 15 апрель. /“Дунё” АА/. Наманган вилоятидаги “Ғурумсарой” тоғ полигонида “Дўстлик-2026” Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма ҳарбий ўқув машғулотларининг навбатдаги босқичи бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Еттинчи маротаба ўтказилаётган мазкур амалиёт ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ноқонуний қуролли тузилмаларга қарши курашишда ҳамжиҳатликни оширишга қаратилган.
Кенг кўламли ўқув машғулотлари тоғ олди ҳудудларида бўлиб ўтмоқда ҳамда шароитни бундай майдонлардаги жанговар вазифаларга максимал даражада яқинлаштиришга эътибор қаратилган.
“Дўстлик-2026” машғулотларининг асосий мақсади икки армиянинг тезкор мувофиқлашув даражасини оширишдан иборат.
Ҳарбийлар нотекис ерларда ҳаракатланиш, шартли душман базаларига зарбалар бериш, ғаним томонидан вақтинча эгаллаб олинган ҳудудларни озод қилиш бўйича машқларни бажармоқда.
Қўшинларни бошқаришнинг ягона алгоритмини яратиш, биргаликда тактик режалаштириш ва операцияларни ўтказишга эътибор қаратилмоқда.
Ҳиндистон контингенти Ўзбекистон Қуролли кучларининг устави ва тактик усуллари билан ҳам танишмоқда.
Икки ҳафталик машғулотларга мажмуавий амалий операция якун ясайди. Унинг доирасида бирлашган кучлар шартли ноқонуний қуролли тузилмаларни қидириб топиш ва зарарсизлантириш бўйича махсус амалиёт ўтказади.
“Дўстлик” машғулотлари 2019 йилдан буён навбатма-навбат Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳудудида ўтказиб келинмоқда. Охирги, олтинчи машғулотлар 2025 йил апрель ойида Ҳиндистоннинг Пуне шаҳрида ташкил этилган.
Жорий ўқув машғулотлари нафақат бўлинмаларнинг жанговар салоҳиятини оширади, балки минтақавий хавфсизлик соҳасида Тошкент ва Деҳли ўртасидаги стратегик шериклик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашда муҳим дипломатия воситаси бўлиб хизмат қилади. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, қўшма машғулотлар икки давлат ҳарбий хизматчилари ўртасида дўстлик руҳини ривожлантиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

