Logo

Ўзбекистон ва Покистон ўртасида тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди

Апрель 15, 2026. 20:40 • 2 дақ

117
Ўзбекистон ва Покистон ўртасида тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди
Ўзбекистон ва Покистон ўртасида тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 15 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари, Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги раҳбарияти ҳамда Покистоннинг йирик тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси ўртасида видеоконференция ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокараларда мамлакатимизнинг бой хомашё базаси, пахтани қайта ишлаш ҳажмининг изчил ўсиши ва тайёр маҳсулотлар экспорти географияси кенгайиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Хорижий шерикларга солиқ ва божхона имтиёзлари тизими, Европа бозорларига йўл очувчи “GSP+” преференциялар режими имкониятлари тақдим этилди. Муҳокамаларнинг асосий мавзуси мамлакатдаги 29 та бўш турган корхонадан бири негизида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ташаббуси бўлди.

Томонлар замонавий технологияларни жорий этиш ва аутсорсинг модели асосида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар чиқаришни ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқди. Бу мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш билан бир қаторда ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Шунингдек ўқинг

Покистон бизнеси вакиллари тўқимачилик соҳасининг жадал ривожланаётганини ва жаҳон бозорида ўзбек маҳсулотларига талаб юқорилигини таъкидлади. Инвестор халқаро брендлар остида товарлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, уларни АҚШ, Европа мамлакатлари ва Марказий Осиёга экспорт қилишга тайёрлигини билдирди.

Хорижий шерикларнинг фикрича, хомашёга яқинлик ва яратилган шароитлар минтақани тўқимачилик бизнеси учун стратегик муҳим хабга айлантиради.

Учрашув якунида Покистон делегациясининг Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Бўлажак ташриф давомида инвесторлар мавжуд ишлаб чиқариш майдонлари билан шахсан танишиб, келгусидаги қўшма лойиҳанинг якуний параметрларини белгилаб олади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш