АҚШда “Миллат Шавкати” китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Август 17, 2026. 17:00 • 4 дақ

133
АҚШда “Миллат Шавкати” китоби тақдимоти бўлиб ўтди
АҚШда “Миллат Шавкати” китоби тақдимоти бўлиб ўтди
АҚШда “Миллат Шавкати” китоби тақдимоти бўлиб ўтди

ФИЛАДЕЛЬФИЯ, 17 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ҳамда Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Филадельфияда “Vatan Global Alliance” ташкилоти билан ҳамкорликда “Миллат Шавкати” номли китоб тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда АҚШдаги ўзбек диаспораси ташкилотлари аъзолари, турли штатларда истиқомат қилаётган ватандошлар, Америка олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, йирик тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, хорижлик экспертлар қатнашди.

Тақдимотда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ҳусан Эрматов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) бош директори Абдусаид Кўчимов, “Vatan Global Alliance” раҳбари Озод Солиев ва бошқалар ушбу китоб ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

“Миллат Шавкати” китобида акс этган асосий ғоялар, энг аввало, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ҳамда ортга қайтмас ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига бағишлангани қайд этилди.

Бугун мамлакат иқтисодиёти, давлат ва жамият бошқаруви, таълим, илм-фан, маданият, ижтимоий ҳимоя ва ташқи сиёсат соҳаларида кузатилаётган туб ўзгаришлар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегиясининг амалий натижаси экани алоҳида таъкидланди.

Қайд этилганидек, Президентимизнинг сиёсий иродаси, стратегик қарашлари ва бевосита ташаббуслари туфайли ўн йил аввал тасаввур қилиш мушкул бўлган кўплаб ютуқлар бугун Ўзбекистон учун янги воқеликка айланди.

“Инсон қадри учун” тамойили асосида давлат идораларининг халққа хизмат қилиши, аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, ёшлар ва хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларига айланди.

Ислоҳотлар натижалари нафақат иқтисодий кўрсаткичларда, балки фуқароларнинг қадр-қиммати, эртанги кунга ишончи ва ижтимоий фаоллиги ортишида ҳам намоён бўлмоқда.

Китобда раҳбарият томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғоясига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди. Ушбу эзгу мақсад доирасида таълим ва илм-фанни ривожлантириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий ўзлик ва тарихий хотирани мустаҳкамлаш, буюк аждодлар меросини чуқур ўрганиш ҳамда халқаро миқёсда тарғиб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Шунингдек ўқинг

Президент ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бой илмий, маънавий ва цивилизацион меросни тиклаш ҳамда уни жаҳон жамоатчилигига кенг танитишга қаратилган муҳим стратегик лойиҳалардан бири сифатида эътироф этилди. Ушбу ташаббус мамлакатдаги янгиланиш жараёнлари миллий қадриятлар ва тарихий мерос билан уйғун равишда олиб борилаётганининг ёрқин ифодасидир.

Давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиёни умумий тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик маконига айлантиришга қаратилган ташқи сиёсий ташаббуслари натижасида минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит шакллангани айтиб ўтилди.

Хусусан, қўшни давлатлар билан йиллар давомида ечимини кутиб келган чегара масалаларининг ҳал этилиши, ўзаро ишончнинг тикланиши, савдо-иқтисодий ва транспорт алоқаларининг кенгайиши ҳамда давлат раҳбарлари ўртасида мунтазам мулоқотнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон Президенти бошлаб берган янги минтақавий сиёсатнинг муҳим амалий натижалари сифатида баҳоланди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва ташқи дунёга очиқлиги сезиларли даражада ошди. Бу жараён Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган прагматик, очиқ ва манфаатли ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсат билан узвий боғлиқдир. Ўзбекистоннинг АҚШ ва бошқа етакчи давлатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим ҳамда маданий-гуманитар алоқалари янги босқичга олиб чиқилмоқда.

Учрашув давомида хориждаги ватандошлар, айниқса, ёшлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Янги Ўзбекистон сиёсатида хорижда яшаётган ватандошларимиз мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган муҳим интеллектуал ва ижтимоий ресурс сифатида кўрилаётгани, уларнинг Ватан билан алоқаларини мустаҳкамлаш раҳбарият томонидан белгилаб берилган устувор вазифалардан бири экани қайд этилди.

Тадбирнинг амалий натижаси сифатида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва “Vatan Global Alliance” ўртасида ахборот ва жамоатчилик йўналишларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.

Ушбу ҳужжат Ўзбекистонда кечаётган янгиланиш жараёнлари ҳақида АҚШ жамоатчилигига холис ва кенг қамровли ахборот етказиш, шунингдек, хориждаги ватандошлар билан ахборот алмашинувини фаоллаштириш учун қўшимча имкониятлар яратиши таъкидланди.

Халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ва ватандошлар билан алоқаларни ривожлантиришга қўшган алоҳида ҳиссаси учун “Vatan Global Alliance” раҳбари Озод Солиевга “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони топширилди.

Тадбир Президентимиз бошчилигида инсон қадрини юксалтириш, Марказий Осиёда яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни кенг тарғиб қилиш, АҚШдаги ватандошлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда Америка жамоатчилик ва эксперт доиралари билан ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш