Ўзбекистон Санкт-Петербургдаги ПХИФда ўзининг иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятини тақдим этади
Июнь 04, 2026. 09:00 • 4 дақ
• 33ТОШКЕНТ, 4 июнь. /“Дунё” АА/. 4–5 июнь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Россияга боради ва Петербург халқаро иқтисодий форумида (ПХИФ) иштирок этади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Петербург халқаро иқтисодий форуми анъанавий тарзда жаҳон иқтисодиёти, инвестициявий ҳамкорлик ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун энг йирик халқаро майдонлардан бири бўлиб келмоқда.
Ушбу нуфузли форум дунёнинг турли минтақаларидан давлат тузилмалари, халқаро ташкилотлар, ишбилармон доиралар ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини бирлаштиради.
Ўтган йилги форум тадбирларида 144 давлатдан 24 мингдан зиёд вакил қатнашган. Унда умумий қиймати 6,5 триллион рублдан (тахминан 70 миллиард АҚШ доллари) ортиқ бўлган 1116 та битим имзоланган. Бу ПХИФнинг юксак халқаро нуфузидан ва унинг замонавий иқтисодий кун тартибини шакллантиришдаги роли ортиб бораётганидан далолат беради.
Кўп йиллардан буён форум халқаро савдо, инвестициявий шериклик, саноат кооперацияси ва транспорт-логистика ўзаро боғлиқлигини ривожлантиришга доир ёндашувларни ишлаб чиқиш учун нуфузли платформа мақомини сақлаб келмоқда. Форумнинг замонавий кун тартиби рақамли трансформация ва юқори технологиялардан тортиб энергетика, инфратузилма ҳамда барқарор иқтисодий ривожланишгача бўлган кенг кўламли йўналишларни қамраб олади.
Ўзбекистон Президентининг ПХИФ–2026даги иштироки мамлакатнинг ташқи иқтисодий манфаатларини илгари суриш, инвестицияларни жалб этиш ва халқаро ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришнинг муҳим омили сифатида қаралмоқда.
Ташриф дастури доирасида Ўзбекистон Президентининг форум ялпи мажлисида нутқ сўзлаши, шунингдек, ПХИФ–2026 жараёни қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиши кўзда тутилган.
Форум истиқболли инвестициявий ташаббусларни илгари суриш, саноат кооперацияси ва транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш, Ўзбекистоннинг шаклланаётган Евроосиё иқтисодий маконидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон делегацияси кун тартибида мамлакатимизни стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари боғлаб турган Россия билан кўп қиррали алоқаларни ривожлантириш алоҳида ўрин эгаллайди. Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 20 мартда ўрнатилган.
Кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий базаси, жумладан, 2004 йилги Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йилги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ҳамда 2022 йилги Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация шакллантирилди.
Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар сиёсий мулоқотнинг юқори даражасидан ва икки томонлама муносабатларнинг изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради. Икки мамлакат ҳукуматлари, парламентлари, ташқи сиёсат идоралари, ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорлик фаол мустаҳкамланиб бормоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия, ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия ҳамда “Россия–Ўзбекистон” минтақалараро форуми амалий ҳамкорликнинг муҳим механизми бўлиб хизмат қилади. Бу форматлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш ва ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик сўнгги йилларда барқарор ижобий ўсиш суръатини намоён этмоқда ва икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Икки мамлакат ўртасида эркин савдо режими амал қилади, бу эса ўзаро товар айирбошлаш, сармоявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини изчил кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 8,5 фоизга ўсиб, 12,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бунда экспорт 4,3 миллиард долларга, импорт эса 8,6 миллиард долларга етди. 2026 йилнинг январь–апрель ойларида ўзаро савдо ҳажми 4,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 35 фоизга кўпдир.
Сармоявий ҳамкорлик икки томонлама алоқалар тизимида муҳим ўрин эгаллайди. Қўшма лойиҳаларнинг жорий портфели 43,9 миллиард долларга баҳоланмоқда. Конь-металлургия, ёқилғи-энергетика, кимё, аграр соҳа, машинасозлик ва тўқимачилик тармоқлари устувор йўналишлар сирасига киради.
2026 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Россия сармояси иштирокидаги 3,2 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Бу Россия бизнесининг юқори даражадаги ишбилармонлик фаоллигини ҳамда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини акс эттиради.
Шу билан бирга, томонлар транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро боғлиқликни кенгайтириш ва янги кооперация занжирларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. ПХИФ–2026 доирасида қўшма юқори технологияли ишлаб чиқаришларни илгари суриш, сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш ва янги транспорт йўлакларини ривожлантиришга алоҳида урғу берилиши кутилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, ПХИФ ишбилармон доиралар ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, истиқболли ташаббусларни илгари суриш ва иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишда самарали механизм вазифасини ўтайди.
Анъанавий тарзда Петербург халқаро иқтисодий форуми кўп томонлама ҳамкорлик ва халқаро алоқаларни ривожлантириш учун ҳам муҳим майдон бўлиб хизмат қилади. Турли давлатлар, халқаро ташкилотлар ва етакчи ишбилармон доиралар вакилларининг иштироки Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий манфаатларини янада кенгроқ илгари суриш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Ўзбекистон делегациясининг ПХИФ–2026даги иштироки ўзаро манфаатли Ўзбекистон–Россия стратегик шериклигини янада кенгайтириш, қўшма сармоявий ташаббусларни илгари суриш ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшимча туртки бериши кўзда тутилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Душанбедан муносабат: Ўзбекистон ЕОИИ билан ҳамкорликни кенгайтиришнинг янги ёндашувларини таклиф этмоқда





