Ўзбекистон элчихонаси: Деҳлидаги меҳмонхоналардан бирида юз берган ёнғин қурбонлари орасида мамлакатимиз фуқаролари йўқ
Июнь 03, 2026. 20:36 • 2 дақ
• 68
ДЕҲЛИ, 3 июнь. /«Дунё» АА/. 2026 йил 3 июнь куни Деҳлининг жанубий қисмида жойлашган меҳмонхоналардан бирининг биносида ёнғин чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Маҳаллий расмий манбаларнинг маълумотига кўра, фожиа оқибатида 21 киши ҳалок бўлган. Уларнингкамида 17 нафари хориж давлатлари, жумладан, Либерия, Нигерия, Мозамбик ва Бангладеш фуқароларидир. Бир қатор манбалар жабрланганлар орасида Марказий Осиё давлатлари фуқаролари ҳам борлигини қайд этмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин эрталаб соат 8:50 атрофида бошланган. Вазият ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг қўпол равишда бузилганлиги сабабли янада оғирлашган. Мазкур бино деярли герметик (ҳаво ўтказмайдиган) ҳолатда бўлиб, унда фақат битта чиқиш эшиги мавжуд бўлган, амалда фойдаланилган хоналар сони эса рухсат этилган 6 тадан бир неча баробар (25 га яқин) кўп бўлган. 40 дан ортиқ меҳмон эвакуация қилинган, уларнинг бир қисми оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
Ушбу ҳодиса муносабати билан Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси Консуллик бўлими фожиа тафсилотларини аниқлаш мақсадида зудлик билан Ҳиндистоннинг ваколатли органлари билан боғланди.
Олинган расмий маълумотларга кўра, мазкур ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари йўқ.
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси юз берган фожиали воқеани инобатга олган ҳолда, Ҳиндистонда бўлиб турган ёки ушбу мамлакатга сафар қилишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларини яшаш жойини танлашга жиддий ёндашишга чақиради. Меҳмонхоналар ва бошқа жойлашиш воситаларини бронь қилишда фаолият юритиш учун ҳужжат билан тасдиқланган рухсатнома ва ёнғин хавфсизлиги сертификатларига эга бўлган объектларни танлаш, истиқомат қилинадиган жойда эвакуация чиқиш йўллари ва бошланғич ёнғинга қарши ҳимоя воситалари мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш сўралади.
Фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда, зудлик билан Ҳиндистон қутқарув хизматининг 112 рақамига ҳамда Ўзбекистоннинг Деҳлидаги дипломатик миссияси Консуллик бўлимига мурожаат қилиш лозим.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси алоқа маълумотлари:
Манзил: EP40, Dr. S. Radhakrishnan Marg, Chanyakapuri, New Delhi, 110021
Консуллик бўлими телефони: +91 94994 85962
E-mail: info.uzbekemassy@gmail.com
Telegram: @consuluzbindia_bot
Элчихона вазиятни кузатишда давом этмоқда ва Ҳиндистон ҳуқуқ-тартибот идоралари билан алоқада бўлиб турибди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Штутгарт шаҳрида Ўзбекистон-Германия бизнес-форумлари ва реклама кампанияларини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди



