Тошкентда Туркий давлатлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда
Сентябрь 29, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 291
ТОШКЕНТ, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Туркия Президенти администрацияси Коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида “Туркий дунё мулоқоти: муштарак келажак ва нигоҳ” мавзусида тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувни Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев очиб берди.
Тадбир Анқарада бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо давлатлар раҳбарларининг 13-саммити арафасида ташкил этилаётган қатор панель учрашувлари доирасида ўтказилди.
Муҳокамалар чоғида туркий мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Иштирокчилар “ТДТ-2040 нигоҳи”ни амалга ошириш, долзарб минтақавий ва глобал жараёнлар, иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди.
Шу билан бирга, ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, медиа ва коммуникация соҳасидаги ҳамкорлик, рақамли трансформация, дезинформацияга қарши курашиш, таълим ва маданий алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Туркий дунёнинг умумий келажагини шакллантириш учун яратилаётган имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар сунъий интеллект ва янги коммуникация технологияларини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Тошкентда ўтказилган мазкур учрашув туркий дунёнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашиш ҳамда Анқарада бўлиб ўтадиган ТДТнинг 13-саммитига тайёргарлик кўриш учун муҳим аҳамият касб этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси