Logo

Пойтахтимизда "Tashkent Law Spring" тўртинчи халқаро юридик форуми бошланди

Май 29, 2025. 12:38 • 3 дақ

101
Пойтахтимизда "Tashkent Law Spring" тўртинчи халқаро юридик форуми бошланди

ТОШКЕНТ, 29 май. /"Дунё" АА/. Бугун Тошкент шаҳрида "Tashkent Law Spring" тўртинчи халқаро юридик форуми ўз ишини бошлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирни давлатимиз раҳбарининг маслаҳатчиси Русланбек Давлетов очиб берди ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Очилиш маросимида, шунингдек, адлия вазири Акбар Тошқулов ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фудзии сўзга чиқдилар.

Бу йилги форум "Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар" асосий мавзуси бўлиб ўтмоқда. Тадбир жаҳон юридик ҳамжамиятини рақамлаштириш жараёнидаги янги таҳдид ва имкониятларни муҳокама қилишга қаратилган.

Форумда 1200 нафарга яқин иштирокчи, шу жумладан салкам 150 нафар хорижий спикер ва расмийлар, 40 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда. Жумладан, форум ишида Саудия Арабистони, БАА, Покистон, Россия, Озарбайжон, Қирғизистон каби давлатлар адлия органлари раҳбарлари, Сингапур Бош прокурори, шунингдек, "Жаҳон одил судлов лойиҳаси" ижрочи директори бевосита иштирок этмоқда.

Анжуман доирасида 20 га яқин тадбир, жумладан пленар сессия, маҳорат дарслари, давра суҳбатлари, 4 та кўргазма, шунингдек, илк бор Халқаро ёшлар юридик форуми ўтказилади.

Тадбирларда сунъий интеллект, IoT, Big Data, блокчейн каби замонавий технологияларнинг ҳуқуқий тизимга таъсири, электрон ҳукумат, рақамли нотариат, юридик таълимдаги инқилобий янгиликлар, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, юридик амалиётни рақамлаштириш каби мавзулар муҳокама қилинади.

Ҳуқуқий жараёнларни автоматлаштириш, смарт-шартномаларни жорий этиш, киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда рақамли медиация ва суд экспертизаси борасидаги илғор тажрибалар ўрганилади.

Ҳуқуқшунослар, олимлар, IT мутахассислар ўртасидаги ҳамкорлик сунъий интеллектни қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига интеграция қилиш масалалари атрофида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатилиши учун имкон яратади.

Мазкур форум орқали Ўзбекистон жаҳон юридик ҳамжамиятида ўзининг очиқ, ҳамкорликка тайёр ва ҳуқуқий жиҳатдан ривожланаётган давлат сифатидаги имижини яна бир бор мустаҳкамлайди. Ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот жараёнида нафақат норматив масалалар, балки глобал муаммолар маълумотлар хавфсизлиги, инсон ҳуқуқлари, экологик адолат ва рақамли инклюзивлик борасидаги ёндашувлар ҳам муҳокама қилинади.

Форум якунлари бўйича ҳуқуқий трансформация бўйича стратегик тавсиялар, илғор тажрибаларни ўзлаштириш ва янги қонунчилик ташаббусларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Тадбир доирасида қабул қилиниши кутилаётган тавсия ва қўшма баёнотлар, халқаро меморандумлар ва келишувлар мамлакатимизнинг ҳуқуқий модернизация жараёнини янада тезлаштиришга хизмат қилади.

Марк Хаммерсон, инглиз ҳуқуқи бўйича эксперт, "Curtis, Mallet-Prevost, Colt & Mosle LLP" юридик фирмаси ҳамкори (Буюк Британия):

– Замонавий юридик амалиётда барчамиз дуч келадиган умумий масалаларни муҳокама қилиш учун шунча ҳуқуқшуносни бир жойга тўплашни ажойиб ғоя деб ҳисоблайман. Бу биз учун Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеалар ҳақида кўпроқ маълумот олиш, Ўзбекистон учун эса дунёнинг бошқа мамлакатлари ҳуқуқий тизимлари ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун ажойиб имкониятдир. Бундай анжуманлар келгусида ҳам ўтказилишига умид қиламан. Бутун дунё ҳуқуқшунослари билан мулоқот қилиш профессионал ўсишга ёрдам беради. Бу, шунингдек, замонавий юридик фаолиятда тобора муҳим роль ўйнаётган технологиялар соҳасида бошқаларнинг қандай ишлашини кўриш ва сўнгги тенденциялар билан танишиш имконини беради. Ўйлайманки, Ўзбекистон учун ҳақиқатан ҳам порлоқ давр келмоқда. Олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар иқтисодиёт ва одамлар ҳаётига сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда, бу эса, ўз навбатида, юксак ижобий ўзгаришларга олиб келади.

Франк Лудвин Шаефер, "Alibaba Group" компаниясининг Германия, Австрия, Швейцария, Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Туркия бўйича халқаро давлатлараро алоқалар бўлими раҳбари:

– Мазкур тадбирнинг ўтказилиши  Ўзбекистон учун ҳақиқатан ҳам муҳим воқеадир. Биз мамлакатингиз билан ишлашдан ниҳоятда мамнунмиз ва унинг келажагига ишонамиз. Ўзбекистон билан фаолиятимизнинг барча йўналишларида ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртингизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолаймиз ва электрон тижорат ҳамда умуман технологиялар соҳасида кўрилаётган амалий қадамлар тўғри йўналишда, деб ҳисоблаймиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш