Logo

"Tashkent Law Spring" тўртинчи халқаро юридик форуми якунланди

Май 30, 2025. 21:00 • 3 дақ

154
"Tashkent Law Spring" тўртинчи халқаро юридик форуми якунланди

ТОШКЕНТ, 30 май. "Дунё" АА. Пойтахтимизда икки кун давомида бўлиб ўтган "Tashkent Law Spring" IV халқаро юридик форум ўз ниҳоясига етди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Форумнинг иккинчи кунги дастуридан "Суд экспертизада янги технологик ечимлар", "Ғоядан активгача: Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш санъати, "Қадимий анъаналарни қайта тиклаш ёки низоларни ҳал этишнинг янги йўллари"мавзусида сессиялар жой олди.

"Суд экспертизада янги технологик ечимлар" сессиясида хорижий суд экспертиза ташкилотлари раҳбарлари ҳамда соҳа мутахассислари, хусусан, Осиё суд экспертиза тармоғи (AFSN) президенти Нор Эйдора Сайдон, Италиянинг Сиракуза институти рақамли ҳуқуқ курси профессори Елена Лазар, Пул ювишга қарши кураш бўйича халқаро ташкилотнинг молиявий хатарларни бошқариш ва рақамли молия эксперти Татьяна Дмитренко, "KPMG" Халқаро молия ташкилотининг Марказий Осиё ва Кавказда суд экспертиза бўйича ҳамкори, низолар бўйича маслаҳат кенгаши раҳбари Егор Мисиура, Туркия, Польша, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон, Россия Федерацияси каби давлатларнинг суд экспертиза муассасалари раҳбарлари билан биргаликда мамлакатимиздаги барча давлат суд-экспертиза муассасалари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг 150 нафар вакиллари иштирок этди.

"Ғоядан активгача: Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш санъати" мавзусида ўтган сессияда интеллектуал мулк соҳасида илғор тажрибага эга халқаро экспертлар, миллий патентшунослар ва илмий ходимлар иштирок этди. Мазкур сессия икки қисмда ташкил этилди. Биринчи қисм "Интеллектуал мулк вa рақамли трансформация" шиори остида oлиб борилди. Ушбу бўлимда хорижий патент ташкилотлари вa интеллектуал мулк соҳасидаги экспертлар, жумладан Россиянинг Роспатент вa Еврощсиё патент ташкилоти вакиллари ўз фикрларини билдирдилар.

"Қадимий анъаналарни қайта тиклаш ёки низоларни ҳал этишнинг янги йўллари" медиация сессияси эса жаҳон тажрибаси ва миллий анъаналар уйғунлигида самарали мулоқот ва тинч йўл билан низоларни ҳал этиш механизмларини ривожлантиришга бағишланди. Унда медиация соҳасида халқаро ва миллий даражада катта нуфузга эга бўлган мутахассислар, ҳуқуқшунослар ва амалиётчилар ўз қарашлари, илмий ва амалий ёндашувлари билан ўртоқлашдилар.

Сессияда Туркий дунё медиаторлари иттифоқи Президенти Якуп Эрикел, Халқаро медиация институти (IMI)нинг Ижрочи директори Ивана Нинчич, Халқаро ҳуқуқий ривожланиш ташкилоти (IDLO)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий дастур раҳбари Анна Коппель, Тошкент давлат юридик университети ректори вазифасини вақтинча бажарувчи Исламбек Рустамбеков, Тошкент медиация маркази директори Диёрбек Кимсанов, Тошкент халқаро арбитраж маркази (TIAC) директори Диана Байзакова, Италиядаги "ADR Center" ҳаммуассиси ва Бош директори Леонардо Д’Урсо ҳамда Малайзиядаги Осиё халқаро арбитраж маркази (AIAC) ёрдамчи директори Данеш Чандран каби йирик экспертлар иштирок этиб, ўз тажриба ва билимлари билан ўртоқлашдилар.

Таъкидлаш жоизки, "Tashkent Law Spring" IV халқаро юридик форуми ҳуқуқшунослар, давлат хизматчилари ва сиёсатчилар учун инновация, тажриба ва ҳамкорлик платформаси бўлиб хизмат қилди. Форум якунлари бўйича ҳуқуқий трансформация бўйича стратегик тавсиялар, илғор тажрибаларни ўзлаштириш ва янги қонунчилик ташаббусларини ишлаб чиқиш режалаштирилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш