Ўзбекистон – Қирғизистон ёш парламентарийлари форуми янги ҳамкорлик майдонига айланди

Май 15, 2026. 19:25 • 3 дақ

77
Ўзбекистон – Қирғизистон ёш парламентарийлари форуми янги ҳамкорлик майдонига айланди
Ўзбекистон – Қирғизистон ёш парламентарийлари форуми янги ҳамкорлик майдонига айланди
Ўзбекистон – Қирғизистон ёш парламентарийлари форуми янги ҳамкорлик майдонига айланди
Ўзбекистон – Қирғизистон ёш парламентарийлари форуми янги ҳамкорлик майдонига айланди

ТОШКЕНТ, 15 май /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда илк бор Ўзбекистон – Қирғизистон ёш парламентарийлари форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қирғизистон Жогорку Кенеши ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда икки мамлакат парламентлари вакиллари, ёш депутатлар, экспертлар ва жамоатчилик фаоллари иштирок этди.

“Ёшлар – умумий тараққиёт ва тинчлик сари!” шиори остида ўтказилган форум икки қардош давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим мулоқот майдонига айланди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда 300 мингдан ортиқ қирғиз миллати вакиллари, Қирғизистонда эса қарийб бир миллион нафар ўзбек истиқомат қилмоқда. Бу эса халқларимиз ўртасидаги азалий қардошлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганининг яққол ифодасидир.

Иштирокчилар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар кенгайиб бораётгани, давлат раҳбарларининг очиқ мулоқоти ва қатъий сиёсий иродаси туфайли яхши қўшничилик, дўстлик ва стратегик шериклик алоқалари изчил ривожланаётганини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли, “Қамбарота-1” гидроэлектр станцияси каби йирик инфратузилмавий лойиҳалар минтақада ўзаро ишонч ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегаралари туташган нуқта бўйича шартноманинг ратификация қилиниши эса Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада кучайтиришга хизмат қилишига эътибор қаратилди.

Форум доирасида ёшлар парламент дипломатиясини ривожлантириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, ёшларнинг қонунчилик жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек, инновация, таълим, экология ва рақамли технологиялар соҳаларида қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Анжуманнинг муҳим натижаларидан бири сифатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти ва Қирғизистон Жогорку Кенеши Тўрағаси ҳузуридаги Ёшлар кенгаши ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди. Мазкур ҳужжат ёш парламентарийлар ўртасида доимий мулоқот майдонини шакллантириш, қонунчилик ташаббуслари бўйича тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.

Қирғизистонлик ёш парламентарийлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонлар “IT Park”, “Kreative Park” ва Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, инновацион муҳит ва бой маънавий мерос билан яқиндан танишди.

Тадбир якунида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди. Навбатдаги форумни Қирғизистоннинг Иссиқкўл ҳудудида ўтказиш бўйича эришилган келишув мазкур мулоқотларнинг изчил ва тизимли тус олаётганидан далолат беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш