"Ёшлар форуми – 2025" доирасида Малайзияда таҳсил олаётган ватандош талабалар билан учрашув ўтказилди
Июль 02, 2025. 18:05 • 3 дақ
• 69
КУАЛА-ЛУМПУР, 2 июль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Малайзиядаги вакиллари томонидан 30 июнь – Ўзбекистон ёшлари куни муносабати билан "Ёшлар форуми – 2025" тадбири ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Форумда Малайзиянинг нуфузли олий таълим муассасаларида, жумладан Осиё-Тинч океани технология ва инновация, Малайя, "City", "Cyberjaya" "UCSI", "INCEIF", "INTI", "Xiamen" каби университетларида таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиядаги ўзбек ёшларини ушбу қутлуғ айём билан табриклаб, уларни Ўзбекистон Президентининг 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда сўзлаган нутқи ва ёшларга йўллаган мурожаати мазмуни билан таништирди.
Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. Ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилаётган қатор муҳим ташаббуслар, ислоҳотлар ва бунда давлат органларининг ёшларимиз учун тутган таянч ва кўмакчи ролига таъкидлаб ўтилди.
Амалий сафар билан Малайзияда бўлиб турган Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов "Ўзбекистон – бағрикенг диёр" мавзусида маъруза қилди. Унда Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши ва таълим-тарбия олиши учун барча шарт-шароитлар яратилаётгани, хорижда таълим олаётган ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги урғуланди.
Интерактив суҳбат кўринишида бўлиб ўтган тадбирда Малайзиядаги ўзбекистонлик ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар иштирокида келгуси йилда турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш бўйича фикр алмашилди. Ёшларимизнинг янги ғоя, таклиф ва ташаббуслари тингланди.
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Малайзиядаги координатори Искандар Фозилов ташкилот фаолияти хусусида атрофлича тўхталиб, унинг асосий вазифаларидан бири Малайзиядаги ёш ватандошларимизни бирлаштириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва консультатив маслаҳатлар бериш эканлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, 2025 йилда дипломатик ваколатхона томонидан ташкил этилган тадбирларда фаол иштироки ва тенгдошлари орасида етакчилик фазилатларини намойиш этган бир қатор талабаларга элчихона ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси номидан ташаккурномалар топширилди.
Малайзияда таҳсил олаётган талаба ёшлар республикамиз ҳаётида фаол иштирок этишга, мамлакатимизни янада ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Умид Шукуров, Малайзиянинг Осиё-Тинч океани технология ва инновация университети талабаси:
– Мамлакатимиз элчихонаси ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Малайзиядаги вакиллари томонидан Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда иштирок этганимдан хурсандман.
Тадбир доирасида Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов ва талабалар ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Малайзияда таҳсил олаётган 120 дан ортиқ талабалар иштирок этиб, ўз таклиф ва ташаббусларини билдиришди.
Тадбир доирасида бир қатор фаол талабаларга, шу жумладан менга ҳам ташаккурнома топширилди. Бундан жуда мамнунман.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, ушбу тадбир биз ёшлар учун жуда қизиқарли ва фойдали бўлди.
Жасурбек Отаев, Малайзиянинг "Xiamen" университети талабаси:
– Мен Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Малайзиядаги координаториман. Бугун Малайзиядаги "Xiamen" университетида "Ёшлар форуми – 2025" бўлиб ўтди.
Анжуман доирасида биз ёшлар Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси билан кўришдик. Малайзиядаги бошқа университетларда таҳсил олаётган талабалар билан ҳам танишдик.
Ўзаро мулоқот давомида ёшларга берилаётган имтиёзлар, уларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида фикр алмашдик. Бизни қизиқтирган масалалар юзасидан тегишли маслаҳатларни олдик. Ўз таклифларимизни ҳам билдирдик. Бизга яратилаётган имкониятлардан мамнунмиз. Тенгдошларимга ушбу имкониятлардан кенг фойдаланиб, Ўзбекистонга фойдаси тегадиган юқори малакали мутахассис бўлиб етишларини тилайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Қозоғистоннинг Атирау вилоятидаги ватандошлар учун сайёр қабул ўтказилди
АҚШдаги Браун университетида отишма вақтида ўзбекистонлик талаба ҳалок бўлди
Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида Ўзбекистон Конституцияси куни нишонланди
Норвегиядаги ватандошлар билан очиқ мулоқот ўтказилди