Logo

Анқарада ўзбекистонлик талабалар билан муаммо ва ечимлар муҳокама қилинди

Апрель 26, 2026. 16:00 • 2 дақ

77
Анқарада ўзбекистонлик талабалар билан муаммо ва ечимлар муҳокама қилинди
Анқарада ўзбекистонлик талабалар билан муаммо ва ечимлар муҳокама қилинди
Анқарада ўзбекистонлик талабалар билан муаммо ва ечимлар муҳокама қилинди

АНҚАРА, 26 апрель. /“Дунё” АА/. Анқара шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Туркияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Президент администрациясининг Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Камилов ҳам иштирок этди.

Мулоқот давомида талабалар таълим жараёни, маданий ҳамкорлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Жумладан, Ўзбекистонда халқаро даражада тан олинадиган мадраса ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Буни амалга ошириш учун Исломшунослик академияси қошида илоҳиёт факультетини очиш мумкинлиги айтилди. Шу билан бирга, бундай лойиҳани бошлашдан олдин унга бўлган эҳтиёжни ўрганиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, Туркиядаги талабалар ва диаспора вакиллари учун ўзбек тилидаги китоблар етишмаслиги муаммоси кўтарилди. Бу миллий тил ва маданиятни сақлаш учун бу йўналишда аниқ чоралар кўриш зарурлигини кўрсатади.

Талабалар яна “Uzbekistan Airways” орқали парвозлар учун махсус чегирмалар жорий этишни таклиф қилишди. Бу уларнинг харажатларини камайтиришга ёрдам беради ва Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлайди.

Бундан ташқари, Анқарада маданий марказ очиш таклифи ҳам билдирилди. Бу марказ маданий тадбирлар ўтказиш, диаспорани бирлаштириш ва миллий қадриятларни тарғиб қилишга хизмат қилиши мумкин.

Яна бир таклиф сифатида Туркия университетлари билан қўшма магистратура дастурларини йўлга қўйиш ва хорижда бакалаврни тугатган талабаларга Ўзбекистонда магистратурага киришда енгилликлар яратиш масаласи кўтарилди. Бу юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга ёрдам беради.

Учрашувда кўтарилган барча масалалар хориждаги ўзбек талабаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг шароитларини яхшилаш ва Ўзбекистон билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш