Logo

Ўзбекистон дипломатлари Москва вилоятида қўлга олинган ватандошлар билан учрашди

Август 10, 2024. 12:52 • 48 сония

554
Ўзбекистон дипломатлари Москва вилоятида қўлга олинган ватандошлар билан учрашди

МОСКВА, 10 август. /"Дунё" АА/. 8 август куни Ўзбекистон элчихонасининг консуллик бўлими ходимлари Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва вилояти Одинцово шаҳар округидаги бошқармасида бўлишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Элчихона telegram-канали маълумотига кўра, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Россия Ички ишлар вазирлигининг Одинцово шаҳар округидаги 5-полиция бўлимида 4 кундан ортиқ вақт давомида 15 нафар Ўзбекистон фуқаролари ноқонуний ушлаб турилганлиги ҳақида видео материал тарқатилган эди.

Ташриф давомида полиция бўлимида 15 нафар Ўзбекистон фуқароси борлиги аниқланди, улар ўтказилган рейд натижасида ҳибсга олинган. Ватандошларимиз Москва вилояти ҳудудида, тегишли рухсатномаларни расмийлаштирмасдан меҳнат фаолияти билан шуғулланганлари маълум бўлди.

9 август куни ушбу юртдошларимиз мамлакатдан чиқариб юбориш учун Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва вилояти бош бошқармаси чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилди.

"Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан Россияга келишни режалаштираётганлардан, шунингдек, меҳнат миграцияси бўйича ушбу мамлакатда бўлганлардан қабул қилувчи давлатнинг белгиланган қонун ҳужжатларига риоя қилишларини сўраб қолади", — дейилади хабарда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш