АҚШда Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидаги қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш фонди очилди

Ноябрь 17, 2026. 09:00 • 2 дақ

• 59
АҚШда Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидаги қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш фонди очилди
АҚШда Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидаги қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш фонди очилди
АҚШда Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидаги қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш фонди очилди

РИЧМОНД, 17 ноябрь. /“Дунё” АА/. Вирджиния штатида АҚШда яшаётган ватандошлар ташаббуси билан ташкил этилган “Girls Education Fund” хайрия фондининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Фонд АҚШ қонунчилигига мувофиқ нотижорат ташкилот сифатида таъсис этилган. Унинг асосчилари – ватандошлар Фарход ва Севара Султон, шунингдек, Америкадаги ўзбек диаспораси вакиллари ҳисобланади. Фонднинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидан бўлган истеъдодли қизларга инглиз тили ва математика фанларидан бепул таълим бериш, олий ўқув юртларига киришга тайёрлаш ҳамда уларнинг касбий ривожланишига кўмаклашишдан иборат.

Фонд ҳаммуассиси Севара Султоннинг таъкидлашича, ёзда эълон қилинган биринчи танловга мамлакатнинг турли ҳудудларидан 236 та ариза келиб тушган. Иншо ёзиш ва суҳбат босқичларини ўз ичига олган саралаш натижаларига кўра, 10 та ҳудуддан 20 нафар қиз биринчи босқич иштирокчисига айланди. Ҳозирда улар Ўзбекистондаги ҳамкор ўқув маркази томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида мактаб дарсларидан ташқари ҳафтасига олти кун давомида онлайн тарзда бепул шуғулланмоқдалар.

Фонд режаларида ўқувчилар сонини 500 нафарга етказиш, уларга халқаро таълим дастурларида иштирок этиш ва хорижий университетларга ўқишга киришда ёрдам бериш кўзда тутилган. Маросимда ҳомийлардан бири томонидан биринчи гуруҳ таълимини молиявий қўллаб-қувватлаш учун маблағ ажратилгани қайд этилди.

Шунингдек ўқинг

Фонд вакиллари чекка туманлардаги истеъдодли қизларни аниқлаш ва уларни дастурга жалб қилиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, шунингдек, ҳокимиятлар ва мактаблар билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдордир.

Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқов хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг таълим олиши ва касбий ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. У фонднинг фаолияти мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мақсадларига тўла мос келишини таъкидлаб, ватандошларнинг ушбу ишдаги иштирокини юқори баҳолади.

Томонлар шу каби лойиҳалар кўламини кенгайтириш учун АҚШдаги ўзбек диаспораси салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш юзасидан келишиб олдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш