Logo

Таниқли ўзбек опера хонандаси Россия бўйлаб велосаёҳат уюштирди

Июнь 29, 2025. 08:03 • 2 дақ

71
Таниқли ўзбек опера хонандаси Россия бўйлаб велосаёҳат уюштирди

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 29 июнь. /"Дунё" АА/. Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли опера хонандаси Хурсанд Шеровнинг велосаёҳати ҳақида ёзмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

 Мақолаларда таниқли опера хонандаси ва ўзига хос велосаёҳатчи Хурсанд Шеров велосипедда Россия бўйлаб саёҳат қилаётгани маълум қилинган. "Хурсанд Шеровнинг Россиянинг шимолий ҳудудлари бўйлаб қилган саёҳати унинг Тошкентдан Москвагача уюштирган велосаёҳатининг бир қисмидир", – деб ёзилган Мурманск вилояти Ички сиёсат вазирлигининг телеграм-каналида эълон қилинган манбада.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳридан бошланган велосаёҳат Марказий Осиё халқларининг дўстлик рамзи ва  фашизмга қарши курашга қўшган ҳиссаси сифатида Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланди.

"Би-порт" ахборот агентлигининг ёзишича, 2013 йилдан буён у велотуризмини оммалаштириб келмоқда.  Материалда Хурсанд Шеров бундан аввал Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб югуриш мусобақасини уюштиргани, шунингдек, Мўғулистон, Хитой, Туркия ва Озарбайжонда бўлгани хабар қилинган.

"Бу менинг тўққизинчи велосаёҳатим. Эътиборлиси, бу саёҳатим Иккинчи жаҳон уруши мавзусига бағишланди. Бу мавзуни унутмаслик керак. Тинчлигимиз учун курашган ҳеч ким ва ҳеч нарса унутилмайди", – деган Хурсанд Шеров "Вести Мурманск" телеканали учун интервьюсида.

Нашрларда Мурманскда Хурсанд Шеров спортчилар, "Дўстлик уйи" вакиллари, Ленинский тумани маданият уйида эса маҳаллий аҳоли билан учрашгани маълум қилинган. Тадбирларда ўзбек опера санъатидан намуналар ва Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари ҳақидаги қўшиқлар ижро этилди, деб таъкидланган.

"Бундай ижодий учрашувлар авлодлар ва маданиятлар ўртасида ўзига хос кўприк бўлиши мумкин, – дейилади Россия ОАВ тарқатган материалларда. – Мурманскда бир неча кун бўлганидан сўнг ўзбек опера қўшиқчиси сафарини давом эттириб, Петрозаводск орқали Санкт-Петербургга йўл олади".

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш