Logo

Коста-Рика АҚШдан депортация қилинган 200 нафар хорижликни, шу жумладан, Ўзбекистон фуқароларини қабул қилишини маълум қилди

Февраль 20, 2025. 20:44 • 2 дақ

478
Коста-Рика АҚШдан депортация қилинган 200 нафар хорижликни, шу жумладан, Ўзбекистон фуқароларини қабул қилишини маълум қилди

САН-ХОСЕ, 20 февраль. /"Дунё" АА/. Коста-Рика Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон ва Ҳиндистон каби давлатларнинг АҚШдан депортация қилинган 200 нафар фуқаросини қабул қилишга рози бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Reuters" агентлиги маълумотига кўра, АҚШдан келган муҳожирлар Коста-Рикада олти ҳафтагача ушлаб турилиши ва ватанига жўнатилиши мумкин. Депортация қилинганлар махсус жойда сақланади ва улар ушбу ҳудудни тарк эта олмайдилар.

АҚШдан учган ва асосан Осиё мамлакатларидан бўлган 135 нафар ноқонуний муҳожирни олиб кетаётган биринчи депортация самолёти бугун Коста-Рикага қўниши кутилмоқда. Ушбу муҳожирларнинг 65 нафарини вояга етмаганлар ташкил қилади.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Ахрор Бурханов "Дунё" АА учун интервьюсида вазиятни қуйидагича изоҳлади:

– Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва мамлакатимизнинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси узоқ йиллардан буён Ўзбекистон фуқароларининг ўз ватанларига хавфсиз депортациясини таъминлаш мақсадида АҚШнинг тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бизнинг келишувларимизга асосан, Америка томони депортация қилинадиган фуқароларимизнинг ҳар бир ҳолати ҳақида тезкорлик билан хабардор қилади. Ўрнатилган амалиётга кўра, фуқароларимиз ватанга Нью-Йорк-Тошкент йўналиши орқали қайтади.

ОАВда Ўзбекистон фуқароларининг бошқа давлатларга депортация қилиниши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларни кузатиб боряпмиз. Ушбу масала юзасидан дипломатик ваколатхоналаримиз Америка томонидан бошқа давлатларга депортация қилиниши мумкинлиги ҳақида маълумот беришни сўраб мурожаат қилди. Бундан ташқари, бу борада Лотин Америкаси давлатлари билан дипломатик каналлар орқали ҳам алоқалар ўрнатилган.

Дипломатик ваколатхоналаримиз Ўзбекистоннинг барча фуқароларига, улар қаерда бўлишидан қатъий назар, ҳартомонлама ёрдам кўрсатади.

 

"AFP" агентлиги сайтидан олинган сурат

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш