Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Жанубий Кореянинг Сувон шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасига ташриф буюрди

Ноябрь 23, 2026. 09:30 • 2 дақ

• 23
Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Жанубий Кореянинг Сувон шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасига ташриф буюрди

СУВОН, 23 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Сеул шаҳридаги элчихонаси дипломатлари Жанубий Кореянинг Сувон шаҳрида жойлашган жазони ижро этиш муассасасига ташриф буюрдилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф давомида Сувон шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган, шунингдек, жиноят содир этишда гумонланиб ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашувлар ўтказилди. Уларнинг мурожаатлари, истак ва эҳтиёжлари атрофлича кўриб чиқилди.

Ҳибсга олинган фуқароларга ҳуқуқий масалалар юзасидан тегишли маслаҳатлар берилиб, адвокат хизматларидан фойдаланиш ҳамда зарурат туғилганда амалий ёрдам олиш учун элчихонага мурожаат қилиш тавсия этилди.

Шунингдек ўқинг

Бундан ташқари, элчихона вакиллари фуқароларнинг сақланиш шароитлари, жумладан, яшаш ва овқатланиш тартиби, шунингдек, маданий-маърифий ҳордиқ чиқариш имкониятлари билан яқиндан танишдилар. Ватандошларга Ўзбекистонда чоп этиладиган газета ва журналлар ҳамда тарбиявий аҳамиятга эга адабиётлар топширилди.

Ўзбекистон фуқароларининг мурожаат ва илтимослари муассасанинг масъул ходими Чон Чхве Гин эътиборига етказилди. Суҳбат чоғида элчихона вакиллари ватандошларга нисбатан муносиб муомалада бўлишни таъминлаш, уларнинг эҳтиёжларини инобатга олиш ва зарур амалий ёрдам кўрсатишга чақирдилар.

Ўз навбатида, Ўзбекистон фуқаролари кўрсатилган ҳуқуқий ва амалий кўмак учун элчихона консуллик бўлими ходимларига миннатдорлик билдириб, давлатимиз томонидан доимий ғамхўрлик ва қўллаб-қувватловни ҳис этаётганликларини таъкидладилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш