Ўзбекистон вакили Австриядаги халқаро лидерлик дастурида илк бор иштирок этди
Ноябрь 21, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 195
ВЕНА, 21 ноябрь. /“Дунё” АА/. Австрияда халқаро “Austrian Leadership Programs” (ALPS) дастурининг 22-йиғилишида Ўзбекистондан илк бор “Sorbon” университети ректори Музаффар Жалолов иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур дастур турли мамлакатлар вакилларининг лидерлик салоҳиятини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш, Австриянинг давлат бошқаруви, иқтисодиёт, инновациялар ва халқаро муносабатлар соҳаларидаги тажрибасини ўрганишга қаратилган. Бу йилги дастурда жаҳоннинг 31 та мамлакатидан вакиллар қатнашди.
Беш кун давомида иштирокчилар Австриянинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва инновацион иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги тажрибаси билан танишди.
Дастур доирасида Австрия Федерал Европа ва халқаро ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт палатаси, Саноат федерацияси ҳамда бизнесни ривожлантиришга ихтисослашган ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Иштирокчилар Каринтия федерал еридаги илмий-тадқиқот марказлари, технологик парклар ва етакчи компаниялар фаолияти билан танишди. Жумладан, “Lakeside Science & Technology Park”, “Technology Park Villach”, “Silicon Alps Cluster”, “Silicon Austria Labs” ва “Infineon” компаниясига экскурсиялар ташкил этилди.
Учрашувларда инновацион экотизимни ривожлантириш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ва илм-фан билан бизнес ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Дастурнинг маданий ва халқаро йўналишлари доирасида иштирокчилар Венадаги Амалий санъат музейи ҳамда БМТнинг Вена халқаро марказига ҳам ташриф буюрди.
Венадаги Амалий санъат музейида Австрия Федерал Европа ва халқаро ишлар вазирлиги давлат котиби Йозеф Шеллхорн иштирокида дастурнинг тантанали якунланиш маросими бўлиб ўтди. Унда Музаффар Жалоловга “ALPS” дастурини муваффақиятли тамомлагани учун махсус сертификат топширилди.
Ўзбекистон вакилининг мазкур халқаро дастурда илк бор иштироки мамлакатнинг таълим ва халқаро ҳамкорлик соҳаларидаги алоқаларини кенгайтириш, Австрия тажрибасини ўрганиш ҳамда янги профессионал ҳамкорлик йўналишларини ривожлантириш учун муҳим имконият яратди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси