Logo

Пекин шаҳрида "Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик" шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди

Июль 02, 2025. 20:11 • 2 дақ

132
Пекин шаҳрида "Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик" шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди

ПЕКИН, 2 июль /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси томонидан 30 июнь – Ўзбекистон ёшлари кунига бағишланган байрам тадбири ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА муҳбири.

"Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик" шиори остида ташкил этилган тадбирда Хитой олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ва ушбу мамлакатда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошлар ҳамда айни вақтда Пекин шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси делегацияси аъзолари иштирок этди.

Тадбирда ватандошларимиз Ёшлар куни муносабати билан самимий қутланди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2017 йилдан бери ҳар йили 30 июнь санаси Ўзбекистон ёшлари куни сифатида мамлакатимизда ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини эътироф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, янги авлодни илм-фан, санъат, спорт ва инновациялар соҳаларига кенг жалб этиш мақсадида кенг нишонланиб келинаётгани таъкидланди.

Сўнги йилларда Ўзбекистон ёшлари эришган ютуқлар ва ижобий натижалар қайд этилди. Хусусан, ўтган йили юртимиз ёшлари дунёнинг топ-500 талик олийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда 1 - ўринни эгаллагани, жорий йилда футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоамиз илк бор Жаҳон чемпионатига йўл олгани таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ёшларга ва хориждаги ватандошларга оид давлат сиёсати ҳақида сўз юритилди. Чет эллардаги ватандошлар юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирилди.

Ўз навбатида, жорий йил хорижий олий олий таълим муассасаларини тамомлаб, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган ватандошларга ҳукуматимиз томонидан яратилган шароитлар ҳақида ҳам сўзлаб берилди.

Ватандошларга Ўзбекистон Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси томонидан ўзбек тили, адабиёти, Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бағишланган адабиётлар жамланмаси тақдим этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш