Қашқадарёда британиялик ватандош тадбиркор сармояси ҳисобига кичик гидроэлектростанция қуриб битказилди
Сентябрь 05, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 244ШАҲРИСАБЗ, 5 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси томонидан Буюк Британияда истиқомат қилаётган ватандош тадбиркорларнинг инвестициявий салоҳиятини мамлакатимиз иктисодиётини ривожлантиришга кенг жалб этиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, ватандошимиз, Британиянинг финтех йўналишидаги “Moneff” компанияси раҳбари Санжар Мавлянов томонидан Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида умумий қиймати 3 миллион АҚШ доллари бўлган, қуввати 3,5 МВтлик кичик гидроэлектростанция барпо этиш лойиҳаси якунига етказилди.
Мазкур лойиҳа ҳудуднинг мавжуд гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳамда аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиради. Шу билан бирга, лойиҳа маҳаллий инфратузилмани ривожлантириш ва янги иқтисодий имкониятлар яратиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси маълумотига кўра, яқин кунларда ушбу энергетика объектини белгиланган тартибда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Айни пайтда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини ягона тармоққа узатиш учун зарур инфратузилмани барпо этиш ва тегишли техник ишларни якунлаш босқичи олиб борилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

