Logo

Жанубий Кореяда ватандошлар иштирокида баҳор сайли ўтказилди

Апрель 29, 2025. 09:25 • 2 дақ

98
Жанубий Кореяда ватандошлар иштирокида баҳор сайли ўтказилди

СЕУЛ, 29 апрель. /Дунё" АА/. Жанубий Корея пойтахтидаги энг йирик Сеул боғида ватандошлар иштирокида баҳор сайли фестивали ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сайил халқимизнинг бой маданий меросини асраб-авайлаш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, ёшларимизда ўзлигимизни ифодаловчи белгиларга нисбатан ифтихор туйғусини шакллантиришда мақсадида уюштирилди. Юзга яқин фуқароларимиз иштирок этган мазкур тадбир Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси ташаббуси ва кўмагида ташкил этилди.

Фестиваль иштирокчилари анъанавий ўйинларда ўз имкониятларини синаб кўрди, миллий таомларимиздан баҳраманд бўлишди. Миллий либослар фестивалга алоҳида файз бағишлади – ўғил болалар дўппиларда, қизлар эса атлас ва адрасдан тикилган ёрқин кўйлакларда иштирок этди.

Бундай ёрқин ва кўргазмали байрам маҳаллий аҳоли эътиборидан ҳам четда қолмади. Улар ватандошларимиз иштирокидаги баҳор сайлига қўшилиб, Ўзбекистоннинг маданияти, санъати, тарихи ҳақида саволларга жавоб олди, миллий либослар ва дўстона муҳитдан ҳайратини яширмади.

Фестиваль айниқса Жанубий Кореяда узоқ вақтдан буён истиқомат қилиб келаётган ўзбек оилалар учун алоҳида аҳамият касб этди. Кўпчилик ота-оналар хорижий тил ва маданий муҳитда вояга етаётган фарзандлари учун бундай учрашувлар миллий ўзлигимизни англашда муҳим кўприк бўлаётганини таъкидладилар.

Уларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг бой маданияти, миллий қадриятларимиз ҳақида нафақат эшитиш, балки уни ҳис қилиш, миллий либосларимизни кийиб кўриш, халқона ўйинларда иштирок этиш имконияти ўзликни шакллантириш учун бебаҳо тажрибадир.

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Жанубий Кореядаги вакили Елена Чуянованинг айтишича, бундай тадбирлар шунчаки ҳордиқ чиқариш учун эмас, балки миллийлигимизни асраб-авайлаш, ўз маданиятимизга нисбатан ғурур туйғусини шакллантириш, ватандошларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда ҳам ўзига хос ҳисса қўшмоқда.

Фестиваль сўнгида анъанавий ўйинларнинг фаол иштирокчилари ва ғолибларига ҳомийлар томонидан совғалар – ўзбек ва хорижий адибларнинг ўзбек тилидаги китоблари тақдим қилинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш