Покистонда “Долзарб виза” ойлиги доирасида ватандошлар билан учрашув бўлиб ўтди
Июль 16, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 228
ИСЛОМОБОД, 16 июль. /“Дунё” АА/. Юртимизнинг Покистондаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тизимида эълон қилинган “Долзарб виза” ойлиги доирасида ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирнинг асосий мақсади хорижда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари учун виза расмийлаштириш тартиб-таомиллари, миграция қонунчилигидаги сўнгги янгиликлар ҳамда ватандошларни қизиқтираётган долзарб масалалар юзасидан маълумот беришдан иборат бўлди.
Иштирокчиларга жорий йилнинг 13 июль санасидан бошлаб “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тизимида “Долзарб виза” ойлиги эълон қилингани маълум қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур ойлик доирасида мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан Ўзбекистон фуқаролари учун хорижий давлатларга визасиз сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш, виза расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш ҳамда бу борада хорижий ҳамкорлар билан музокараларни янада фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар, хусусан, Покистон билан виза соҳасидаги ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, юртдошларимиз визасиз ташриф буюриши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхати ҳамда фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириши мумкин бўлган давлатлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, электрон виза тизимининг афзалликлари, хорижий фуқароларнинг Ўзбекистонга кириш тартиби, таклифномаларни расмийлаштириш, фуқаролик ва паспорт масалалари бўйича консуллик хизматлари, ҳужжатларни легализация қилиш, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳамда консуллик соҳасида жорий этилаётган янги рақамли хизматлар ва ислоҳотлар хусусида ҳам маълумот берилди.
Тадбир давомида ватандошлар виза расмийлаштириш, ҳужжатларни легализация қилиш, фуқароликка оид масалалар, консуллик хизматларидан фойдаланиш тартибига оид саволларига дипломатлардан амалий тавсиялар ва ҳуқуқий маслаҳатлар олди.
“Долзарб виза” ойлиги доирасида ташкил этилаётган бундай тадбирлар хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлигини ошириш, ватандошлар билан мулоқотни янада мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистоннинг ижобий имижини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси